Ассалому алайкум, домла. Менинг ёшим 16 да. Оиламдан узоқда ўқишга тайёрланяпман. Намоз ўқийман дейману, ўқий олмайман. Бир ўқисам, бир қолиб кетади. Ўқиган илмим юқмаяпти. Борган сари иймоним сустлашиб, ёмон инсон бўлиб кетяпман. Доимий ҳолсизлик, дангасалик, маҳзунлик бор менда. Руҳим тинч эмас. Доим ноаниқ нарсалардан сиқилган, безовта бўламан. Сиздан жавоб ва эчим кутиб қоламан. Олдиндан раҳмат. Аллоҳ рози бўлсин.
Ваалайкум ассалом. Сиз айтган муаммоларнинг эчими аввало муҳитни ўзгартириш ва руҳий тарбияга эътибор қаратишдадир. Зеро, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Киши дўстининг динидадир, шундай экан, ҳар бирингиз ким билан дўстлашаётганига қарасин», деганлар (Абу Довуд ва Термизий ривояти). Сиз дарҳол ўзингизга Аллоҳни эслатадиган солиҳа дугона ёки илмли устоза топинг.
Сиздаги ҳолсизлик, дангасалик ва маҳзунликка қарши курашиш учун эса Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўргатган ушбу дуони кўп ўқинг: Анас ибн Молик розиаллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳим! Сендан ғам босишидан, маҳзунликдан паноҳ сўрайман. Ожизликдан, дангасаликдан паноҳ сўрайман. Бахилликдан, қўрқоқликдан паноҳ сўрайман. Қарзга ботишдан ва одамларнинг ғолиб келишидан паноҳ сўрайман», деб кўп дуо қилганларини эшитардим (Имом Бухорий ривояти).
Илмнинг юқмаслиги ва намоздаги сусткашлик кўпинча гуноҳ сабабли қалбнинг қорайишидан бўлади. Унинг давоси эса кўп истиғфор айтиш ва нафсни ибодатларга мажбурлашдир. Унутманг, ибодат бу сизни қийнаётган безовталиклардан қутқарувчи ягона воситадир. Аллоҳ таоло Раъд сурасининг 28-оятида: «Аё, Аллоҳнинг зикри ила қалблар ором топмасми?», деб марҳамат қилган. Шундай экан, ҳаловатни намоз ва зикрдан изланг. Валлоҳу аълам.