МЎМИН ҲАМ ДЎЗАХГА КИРАДИМИ?

ID: 937

04.04.2025

62

Савол:

Мўмин-мусулмон инсонлар ҳам дўзахга кириши мумкинми? Шу ҳақида батафсил жавоб берсангиз.

Жавоб:

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.

Аҳли сунна вал-жамоа эътиқодига кўра фосиқ мўмин дўзахга кириши мумкин. Лекин у ерда абадий қолмайди. Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ ўзларининг “Фиқҳул акбар” номли рисолаларида бу ҳақда шундай деганлар:

ولا نقولُ إنَّ المؤمنَ لا تضُرُهُ الذنوبُ. وإنهُ لا يدخلُ النارَ، ولا إنهُ يخلدُ فيها وإنْ كانَ فاسقًا بعدَ أنْ يخرجَ منَ الدنيا مؤمنًا

яъни: “Мўъмин кишининг килган гуноҳлари унга зарар қилмайди демаймиз. Яна уни дўзахга киритмайди ҳам демаймиз. Лекин у ерда абадий қолдиради ҳам демаймиз, ҳатто, у фосиқ бўлган тақдирда ҳам. Аммо дунёдан имонли кетган бўлиши шарт”.

Бу ҳақида Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай дейди:

فَأَمَّا الَّذِينَ شَقُوا فَفِي النَّارِ لَهُمْ فِيهَا زَفِيرٌ وَشَهِيقٌ خَالِدِينَ فِيهَا مَا دَامَتِ السَّمَوَاتُ وَالْأَرْضُ إِلَّا مَا شَاءَ رَبُّكَ إِنَّ رَبَّكَ فَعَّالٌ لِمَا يُرِيدُ

яъни: “Бас, ўшанда бахтсиз бўлганлар (кофирлар ва гуноҳкор мўминлар) дўзахда бўлурлар ва улар у ерда инграб-ҳанграб турурлар. Модомики (охиратдаги) осмонлар ва ер бор экан, (улар) у ерда мангудирлар, илло Раббингиз хоҳлагани (мўминларни ундан чиқариши) бундан мустаснодир. Албатта, Раббингиз истаган нарсасини амалга оширувчидир!” (Ҳуд сураси, 106-107 оятлар).

Ушбу ояти кариманинг тафсири борасида Ибн Аббос разияллоҳу анҳу, Ҳасан Басрий, Заҳҳок ва Қатода раматуллоҳи алайҳимлардан ривоят қилинишича, оятда истисно қилинган жамоа – осий мўмин мусулмонлардир. Улар Аллоҳ таолонинг раҳмати ёки шафоатчиларнинг шафоати сабаб дўзахдан чиқадилар. Бу ҳақида Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:

"يَخْرُجُ مِنْ النَّارِ مَنْ قَالَ لَا إِلَهَ إِلَّا اللَّهُ وَفِي قَلْبِهِ وَزْنُ شَعِيرَةٍ مِنْ خَيْرٍ..." (رواه الامام البخاري عَنْ أَنَسٍ رضي الله عنه).

яъни: “Ла илаҳа иллаллоҳ, деган ва қалбида бир арпа дони оғирлигича яхшилик бўлган одам дўзахдан чиқади” (Имом Бухорий ривоятлари).

Хулоса қилиб айтганда гуноҳкор банда ҳам Аллоҳ таолонинг хоҳишида бўлади, хоҳласа гуноҳларини кечиради, хоҳласа гуноҳлари сабабли азоблайди. Чунки Аллоҳ таоло ўзига ширк келтирган ҳолда вафот этган бандасини кечирмаслигини, ундан бошқа гуноҳларни эса ўзи хоҳлаган бандасидан кечиб йуборишини хабарини берган. Тавфиқ Аллоҳдан.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси  Фатво маркази.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази

Мавзулар

Энг кўп ўқилган саволлар