МУҲАММАДЯСИН ИСМИ

ID: 12554

26.05.2026

166

Савол:

Муҳаммад Ясин исмини қўйиш жоизми?

Жавоб:

Бисмиллаҳир роҳманир роҳим. Ҳа, Муҳаммад Ясин исмини ҳам, Ясин исмини ҳам қўйиш жоиз. Бир қанча уламолар “Ясин” Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак исмларидан бири эканини таъкидлаганлар. Ясин исмини қўйиш Ислом умматида қадимдан мавжуд бўлган. Ҳозирда ҳам Миср ва Шом диёрларида бу исм кенг тарқалган. Бир қатор олимларнинг исми ҳам Ясин бўлган. Шофеъий уламолардан Хатиб Ширбиний “Муғнил муҳтож” китобида айтадилар: “Фаришталар ва пайғамбарларнинг исмини, шунингдек, Ясин ва Тоҳа исмларини қўйиш макруҳ эмас”. Ҳанбалий уламолардан Аллома Буҳутий “Кашшофул қанў” китобида шундай дейдилар: “Жаброил исмини, бошқа фаришталарининг исмларини, шунингдек Ясин исмини қўйиш макруҳ эмас”. Миср фатво қўмитаси, Девбанд фатво маркази, Баннури фатво маркази каби бир қатор йирик фатво уюшмалари Ясин исмини қўйиш жоиз деб фатво берганлар. Имом Моликдан “Ясин” исмини қўйиш яхши эмаслиги ҳақида ривоят келган. Моликий олим, машҳур муфассир Ибн Арабий айтишларича, Имом Молик бундан Қуръони каримдаги кўринишда (“Ё” ва “син” дан иборат) ёзилган “Ясин”ни назарда тутганлар, ёйиб ёзилган ҳолатдаги “Ясин”ни эмас. Маълумки, ўзбек тилида Ясин исми Қуръони каримдаги кўринишда ёзилмайди, шунинг учун ушбу исмни қўйишга ҳеч қандай монеълик йўқ. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази

Мавзулар

Энг кўп ўқилган саволлар