Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва баракатуҳ. Ҳозирги кунда айрим кишилар тестостерон, стероидлар ва бошқа гормонал препаратларни мушак массасини ошириш, танани катталаштириш, жисмоний кучни кўпайтириш ёки ташқи кўринишни ўзгартириш мақсадида шифокор тавсиясисиз қабул қилмоқдалар. Ушбу амалларнинг шаръий ҳукми қандай? Шунингдек, агар тестостерон, стероид ёки бошқа гормонал препаратлар шифокор кўригидан ўтиб, организмда этишмовчилик аниқланганидан сўнг даволаниш мақсадида буюрилса, бундай ҳолатда уларни қабул қилиш жоизми ёки йўқми? Илтимос, масалага Қуръон ва суннат асосида шаръий тушунтириш берсангиз. Жазакумуллаҳу хайран.
Ваалайкум ассалом вараҳматуллоҳи вабаракатуҳ. Ислом шариатида инсон ўз соғлиғига била туриб зарар этказиши тақиқланган. Шу боис бундай дориларни тиббий заруратсиз, фақат мушак ўстириш мақсадида қабул қилинса ва улар соғлиққа зарар этказиши аниқ бўлса, у ҳолда уларнинг истеъмоли дуруст эмас.
Аммо, агар малакали шифокор ташхиси билан организмда гормон этишмовчилиги аниқланиб, даволаниш мақсадида буюрилса, у ҳолда бундай воситалардан фойдаланишга шаръан рухсат берилади. Зеро, динимиз саломатликни сақлашга ва хасталикларни даволашга буюрган. Валлоҳу аълам.