МИЙҚОТ ТЎҒРИСИДАН ПОЕЗДДА ЎТИШНИНГ ҲУКМИ

ID: 74

04.04.2025

109

Савол:

Биз Умра зиёратига борганимизда Мадинаи мунавварадан Маккаи мукаррамага кетишда поезд орқали боришимизга тўғри келди. Лекин поезд мийқотга тўхтамас экан. Биз эҳромга қачон ва қаердан киришимиз керак бўлади?

Жавоб:

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм.

Мийқотдан эҳромсиз ўтиш жоиз эмас, аммо мийқотдан олдин эҳромга кириш барча фақиҳларга кўра, жоиздир. Бу ҳақида “Ғунятун-носик” китобида шундай ёзилган:

"و فائدة التوقيت بها حرمة تأخير الاحرام عنها كلها لا التقديم فانه جائز إجماعا"

Яъни: “Мийқотни белгилаб қўйишнинг фойдаси шуки, ундан эҳромсиз ўтиш ҳаромдир. Аммо мийқотдан олдин эҳромга кириш жоизлигига иттифоқ қилинган” (“Ғунятун-носик” китоби).

Шу жиҳатдан, Мадина шаҳридан Маккага борувчи поезд йўлда мийқотга тўхтамагани учун зиёратчилар меҳмонхонада эҳром ўраб, икки ракат намоз ўқиб, ният қилиши ва лаббайка айтиши жоиз бўлади.

Баъзилар поезд мийқот ҳудудидан ўтаётганида, эълон қилинади, шунга кўра, ўша пайтда эҳромга киришни ният қилиб, лаббайка айтиб, поезднинг ўзида ўтирган ҳолда ҳам намоз ўқиса бўлади, чунки бу суннат намоздир, дейдилар. Лекин кўп ҳолатларда йўловчилар тилни билмасликлари ёки бошқа сабаблар билан мийқотдан ният қилмай ва лаббайка айтмай ўтиб кетишлари эҳтимоли катта. Шу сабабли мийқотдан олдин эҳромга кириб олганлари яхшироқдир. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази

Мавзулар

Энг кўп ўқилган саволлар