МЕВАЛАРНИ ПИШМАЙ ТУРИБ СОТИШ ЖОИЗМИ?

ID: 97

04.04.2025

70

Савол:

Бугунги кунда баъзи савдогарлар мевали боғларни эрта баҳорда ёки ҳали меваси пишиб етилмасидан туриб сотиб олмоқдалар. Шу иш жоизми?

Жавоб:

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.

Бу борада «Мухтасарул-виқоя» китобида шундай дейилган:

"وَصَحَّ بَيْعُ ثَمَرَةٍ لَمْ يَبْدُ صَلاحُهَا أَوْ قَدْ بَدَا وَ يَجِبُ قَطْعُها وَ شَرْطُ تَرْكِهَا عَلَي الشَّجَرِ يُفْسِدُ الْبَيْعَ

Яъни: “Ҳали пишиб етилмаган ёки энди пишган меваларни савдоси дурустдир. Аммо, сотиб олиши билан дарҳол узиб олиши вожиб бўлади. Сотиб олинган меваларни дарахтида қолдиришни шарт қилиш савдони фосид қилади” (Мухтасарул-виқоя) китоби.

Шунга кўра, мевали боғларни эрта баҳорда, яъни ҳали меваси ғўралигида сотиб олса жоиз, аммо сотиб олиши билан дарҳол дарахтдан узиб олиши вожиб бўлади. Чунки меваларни сотиб олганидан кейин дарахтида қолдиришни шарт қилса, бу шарт савдони фосид қилади (бузади). Зеро, мазкур ҳолатда сотувчининг мулкида мевага зиёдалик қўшилади (яъни мева дарахтда туриб катталашиш ва пишиб етилишда давом этади) ва харидор бу зиёдаликни ҳеч бир эвазсиз олган бўлади. Бу эса, бировнинг мулкини эвазсиз олиш ҳисобланиб, шаръан жоиз эмасдир.

Савдо вақтида мевалар дарахтда туриши шарт қилинмаса, савдо битганидан кейин харидор меваларни дарахт устида туриб-туришини илтимос қилса ва сотувчи ўз ихтиёри билан бунга рози бўлса жоиздир.

Сотувчи боғидаги меваларни ҳаммасини сотса, ўзи харидорнинг рухсатисиз ея олмайди.

Мевали боғларни эрта баҳорда ҳали меваси йўқлигида сотиб олиш салам савдоси шартларига кўра жоиз бўлади ва келишилган пулни келишув мажлисида бериш вожиб бўлади. Салам шартларига тушмаса бу савдо дуруст бўлмайди. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази

Мавзулар

Энг кўп ўқилган саволлар