Ассалому алайкум. Бизга никоҳ ўқилётганда домла мендан маҳрни қанча хоҳлайсан деб сўрамаган. Турмуш ўртоғимга 3грамм тилла пулини берсанг бўлади, 2ярим миллион бер келинга деган. Мен бу маҳрга рози эмасман. Ўша пайтда ҳаё йузасидан эътироз билдира олмаганман. Турмуш ўртоғим 2ярим миллион бераман деб туриб олган. Домланинг бу ҳукми тўғрими. Энди мен эрим берадиган маҳрга рози бўлишим керакми ёки эрим мен хоҳлаган маҳрни берадими?
Ва алайкум ассалом. Маҳр бериш фарз амал ҳисобланади. Ҳатто шундайки, келин-куёв ўзаро келишиб, иккимиз ҳам розимиз, бу ҳукмга амал қилмай қўяверамиз, дейишга ҳам имконлари йўқ. Агар билимсизлик оқибатида ёки бошқа сабабларга кўра маҳр белгиланмай, никоҳланиб кетган бўлсалар ҳам, кейин барибир маҳр берилиши керак. Ҳаттоки, эр маҳрни беришдан олдин вафот этиб қолса ҳам, меросхўрлари маҳрни адо этишлари лозим бўлади. Шариатимизда маҳрнинг энг ками 10 дирҳам яъни закот нисоби (85 гр тилло)нинг йигирмадан бирига тенг деб белгиланган. Агар никоҳ пайтида умуман маҳр белгиланмаган бўлса, эр маҳри мисл беради. Яъни, никоҳ битими тузилган пайтда, келинга ота томонидан ҳар жиҳатдан (ёши, ҳусни ва ҳоказо) тенг бўлган аёл қариндошлари қанча маҳр олган бўлса, ўшани беради. Бу ҳақда “Ал-Баҳрур роиқ” китобида шундай дейилади:
( وَإِنْ لَمْ يُسَمِّهِ أَوْ نَفَاهُ فَلَهَا مَهْرُ مِثْلِهَا ) أَيْ وَإِنْ لَمْ يُسَمِّ الْمَهْرَ فِي الْعَقْدِ أَوْ نَفَاهُ فَلَهَا مَهْرُ مِثْلِهَا إنْ وَطِئَ أَوْ مَاتَ عَنْهَا ، وَكَذَا إذَا مَاتَتْ هِي
яъни: “(Ер маҳрни миқдорини айтмаса ёки маҳр йўқ, деса, аёлга ўзига ўхшашларнинг маҳри берилади) яъни, никоҳ пайтида эр маҳрнинг миқдорини айтмаса, ёки маҳрни йўққа чиқарса ҳам, аёлга маҳри мисл берилади. Маҳри мислга ҳақли бўлиш жинсий алоқа (ёки жинсий алоқага имкон бўлиши), ё эрнинг вафот этиши ёки аёл вафот этиши билан бўлади”. Демак, Сизга ҳам маҳрнинг энг ками 85 грамм тиллонинг йигирмадан бири яъни 4,25 грам тилло ёки уни қийматини берилиши керак. Валлоҳу аълам.