МАҲИР

ID: 3855

02.11.2025

78

Савол:

Менинг саволим маҳр масаласида эди. Никоҳ вақтида хўжайиним битта талла узук берган эдилар. Қолганини кейинроқ беришларини айтган эдилар. Ҳозир шу қолган қисмига фалон нарса олиб берақолинг десам, у киши мен хоҳлаган нарсамни олиб бераман, сен хоҳлашга ҳақли эмассан деяпдилар. Шундай дейишлари тўғрими?

Жавоб:

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. «Маҳр» никоҳ ақди тузилганидан кейин эрнинг зиммасига вожиб бўладиган нарсанинг номидир. Аллоҳ таоло «Нисо» сурасида қуйидагича марҳамат қилади:

وَآتُواْ النَّسَاء صَدُقَاتِهِنَّ نِحْلَة

"Аёлларга маҳрларини кўнгилдан чиқариб беринг" (4-оят).

Никоҳ ақди амалга ошиши билан маҳр бериш эрга вожиб бўлади. Берилганда ҳам, куёв томонидан чин қалбдан чиқариб берилиши талаб этилади ва маҳр келиннинг шахсий мулки бўлади.

Маҳр бериш фарз амал ҳисобланади. Ҳатто шундайки, келин-куёв ўзаро келишиб, иккимиз ҳам розимиз, бу ҳукмга амал қилмай қўяверамиз, дейишга ҳам имконлари йўқ. Агар билимсизлик оқибатида ёки бошқа сабабларга кўра маҳр белгиланмай, никоҳланиб кетган бўлсалар ҳам, кейин барибир маҳр берилиши керак. Ҳаттоки, эр маҳрни беришдан олдин вафот этиб қолса ҳам, меросхўрлари маҳрни адо этишлари лозим бўлади.

Маҳрнинг ози ўн дирҳамдир. Бу – нисобга етган молнинг йигирмадан бири деганидир. Ушбу маълумотга суяниб, ҳар бир даврдаги маҳрнинг энг оз миқдорини белгилаш осон бўлади. Бунинг учун ўша даврнинг закот нисоби, мазкур миқдорнинг йигирмадан бири аниқланса, энг оз маҳр миқдори чиқади.

عَنْ جَابِرٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ أَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: لَا مَهْرَ أَقَلَّ مِنْ عَشْرَةِ دَرَاهِمَ. رَوَاهُ الدَّارَقُطْنِيُّ وَالْبَيْهَقِيُّ

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Ўн дирҳамдан оз маҳр йўқ", – дедилар" (Имом Дорақутний ва Имом Байҳақий ривоят қилганлар). Маҳр беришда айнан эр нимани хоҳласа шуни беради деган гап йўқ. Аммо эр бермоқчи бўлган нарсага хотин рози бўлса ёки буни акси аёл хоҳлаган нарсага эр рози бўлса маҳр адо бўлаверади. Шундай экан, саволда сўралган вазиятда ҳам ўзаро розилик билан иш тутилса тўғри бўлади. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази

Мавзулар

Энг кўп ўқилган саволлар