Ассаламу алайкум устозлар. Икки машина ўртасида йўл ҳодисаси йуз берса, айбдор одам иккинчи одамнинг машинасига етган зарарни қоплаб беради, таъмирлаш ҳаражатларини ўз бўйнига олади. Лекин машина таъмирлангандан кейин албатта бозордаги нархи ҳам тушади ва айбсиз деб топилган одам зарар кўради. Мана шу зарарни айбдор одам қоплаб бериши керакми? Чунки баъзи ўринларда машинанинг нархи катта миқдорда тушиб кетади. Раҳмат жавоб учун!
Ҳа, шариатга кўра, айбдор ҳайдовчи жабрланувчининг машинасини таъмирлаш харажатларини қоплаш билан бирга, таъмирдан кейинги қийматнинг тушишидан келиб чиққан зарарни ҳам тўлаб бериши лозим бўлади. Ислом фиқҳидаги "зоминлик" қоидасининг асосий мақсади жабрланувчига етказилган зарарни имкон қадар тўлиқ бартараф этиб, уни ҳодисадан олдинги ҳолатига қайтаришдир. Автомобилни таъмирлаш унинг жисмоний нуқсонини тузатгани билан, бозордаги қийматига путур етади, чунки "йўл-транспорт ҳодисасига учраган" деган сифат унинг қадрини пасайтиради. Бу қийматдаги пасайиш ҳам аслида айбдорнинг хатти-ҳаракати туфайли йузага келган зарарнинг бир қисмидир ва у ҳам қопланиши шарт.
Бу масала мўътабар фиқҳий манбаларда кўплаб мисоллар билан ёритилган. Хусусан, "Фатовойи Ҳиндия" китобида бунга ўхшаш бир масала келтирилади. Унда кийимни йиртиб, сўнг уни ямаб берган кишининг жавобгарлиги сўз йуритилиб, бу ҳолатда фақат ямаш кифоя қилмаслиги, балки кийимнинг ямалгани сабабли йўқотилган қиймати ҳам тўланиши кераклиги айтилган. Машина масаласини ҳам айнан шунга қиёс қилиш мумкин.
قَال أَبُو يُوسُفَ – رَحِمَهُ اللَّهُ تَعَالَى -: رَجُلٌ خَرَقَ طَيْلَسَانًا لِرَجُلٍ ثُمَّ رَفَاهُ، قَالَ: أُقَوِّمُهُ صَحِيحًا وَأُقَوِّمُهُ مَرْفُوًّا وَأُضَمِّنُهُ فَضْلَ مَا بَيْنَهُمَا. (الفتاوى الهندية)
Имом Абу Йусуф раҳимаҳуллоҳ айтадилар: «Бир киши бошқанинг либосини йиртса, сўнгра уни ямаб берса, унинг қиймати бутун ҳолида ва ямалган ҳолида баҳоланади. Айбдор уларнинг ўртасидаги фарқни тўлаб беради». («Фатовойи Ҳиндия»)
Хулоса шуки, зарарни ҳисоблашда машинанинг авариядан олдинги бозор нархи ва таъмирдан кейинги бозор нархи аниқланади. Таъмирлаш харажатларидан ташқари, шу икки нарх ўртасидаги фарқ ҳам айбдор томонидан қоплаб берилади.