МАЙЙИТ ҲАҚИДА

ID: 8543

02.03.2026

72

Савол:

Ассаламу алайкум, 2 та саволим бор, 1-саволим: маййит йувилган сувни кўмиб қўйишлик тўғрими ва 2-саволим: маййитдан розилигини олиш тўғрими яъни вафот этиб бўлган одамдан оила аъзолари ёки яқинлари в.ҳ.к.ларнинг ундан розилик сўрашлари тўғрими ?

Жавоб:

Ва алайкум ассалом ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ. Бисмиллаҳир роҳманир роҳим.

  1. Агар маййитни баданида нажосат бўлса, ювилган сув нопок сув ҳисобланади. Лекин нажосат бўлмаса, у сув оби мустаъмал (яъни ўзи пок, аммо поклагучи бўлмаган сув) бўлади. Бу ҳақда фатво китобларида шундай дейилади:

“Маййит йувилган сув нопокдир. Имом Муҳаммад раҳимаҳуллоҳ "Ал-Асл" китобларида уни оғир ёки енгил нажосатга ажратмадилар. Тўғрироғи шуки, агар маййитни баданида нажосат бўлмаса, у сув оби мустамал бўлади. Лекин Имом Муҳаммад раҳимаҳуллоҳ нажосат турига ажратмаганларининг сабаби, кўп холларда маййитни баданида нажосат бўлади. "Аз-Заҳирийя" китобида шундай дейилган” ("Фатовойи ҳиндия" китоби). Хуллас, маййит йувилган сув шариатимизда алоҳида эҳтиром қилиниши керак бўлган сув эмас. Шунинг учун уни инсонларга тегмайдиган жойга тўкиш мақсадга мувофиқ.

  1. Вафот этишидан олдин розилик сўраш мумкин. Аммо вафот этиб бўлган кишидан розилик сўралмайди. Агар вафот этган киши мендан норози бўлиб кетди, деб ташвишга тушаётган бўлса, Аллоҳдан уни рози қилиб беришни сўраши мумкин. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази

Мавзулар

Энг кўп ўқилган саволлар