МАВЛИД ОЙИ БИЛАН ТАБРИКЛАШ ЖОИЗМИ?

ID: 94

04.04.2025

30

Савол:

Пайғамбаримизнинг таваллуд ойлари билан муборакбод этиш мумкинми?

Жавоб:

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм.

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг таваллуд ойлари билан табриклаш шаръан жоиздир. Чунки табриклаш одатда бирор қувонарли ҳолатни ифодалаш саналади. Сарвари олам Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг таваллудлари – ҳидоят манбаининг дунёга келиши саналади. Ушбу муборак ойда ўзаро хурсандчиликни ифода этиш – марғуб амалларнинг энг афзали ҳисобланади. Зеро, Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:

قُلْ بِفَضْلِ اللَّهِ وَبِرَحْمَتِهِ فَبِذَلِكَ فَلْيَفْرَحُوا هُوَ خَيْرٌ مِمَّا يَجْمَعُونَ

“Айтинг: “Аллоҳнинг фазли ва раҳмати билан, бас, (албатта), шулар сабабли (мўминлар) шодлансинлар! У тўплаган нарса (бойлик)ларидан яхшироқдир” (Йунус сураси, 58-оят).

Расули акрам алайҳиссалом мусулмон умматига Аллоҳ таолонинг энг буйук фазли ва раҳмати ҳисобланадилар. Ушбу улуғ неъматдан хурсанд бўлиш ва ушбу хурсандчиликни табрик ила ўзаро изҳор этиш ушбу оятга амал қилиш саналади.

Бошқа ояти каримада Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:

وَذَكِّرْهُمْ بِأَيَّامِ اللَّهِ

“...ва уларга Аллоҳнинг кунларини (ўтмиш воқеаларини ёки неъматларини) эслатгин!” (Иброҳим сураси, 5-оят).

Ушбу оят бугунги кун мусулмонлар ҳаётида катта аҳамиятга эга бўлган кунларни эслаб қолишнинг мустаҳаб амал эканини қўллаб-қувватлайди. Зеро, Сарвари оламнинг таваллуд кунлари нишонлаш ва мусулмонлар бир-бирларини ўзаро табриклашга лойиқ кунлардан биридир.

Имом Жазарий раҳимаҳуллоҳ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мавлидлари билан хурсандчилик қилишга Имом Бухорий ва бошқа муҳаддислар Урва ибн Зубайрдан ривоят қилган қуйидаги ҳадисни далил қилиб келтирадилар:

" وثُوَيْبَةُ مَوْلَاةٌ لِأَبِي لَهَبٍ ، كَانَ أَبُو لَهَبٍ أَعْتَقَهَا فَأَرْضَعَتْ النَّبِيَّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ ، لَمَّا مَاتَ أَبُو لَهَبٍ أُرِيَهُ بَعْضُ أَهْلِهِ بِشَرِّ حِيبَةٍ – أي بسوء حال -، قَالَ لَهُ : مَاذَا لَقِيتَ ؟ قَالَ أَبُو لَهَبٍ : لَمْ أَلْقَ بَعْدَكُمْ غَيْرَ أَنِّي سُقِيتُ فِي هَذِهِ بِعَتَاقَتِي ثُوَيْبَةَ "(رواه الامام البخاري)

“Сувайба Абу Лаҳабнинг озод қилган чўриси эди. Абу Лаҳаб уни озод қилганида Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни эмизган. Абу Лаҳабнинг оиласидан бир киши – бошқа ривоятда Аббос розияллоҳу анҳу экани айтилади – тушида ёмон ҳолатда кўрди. Унга: “Нималарга дучор бўлдинг?” деб сўради. Шунда: “Сизлардан ажрагандан кейин (яхшилик кўрмадим), лекин мана булар билан Сувайбани озод қилганим сабабли суғориламан” деди” (Имом Бухорий ривояти).

Суҳайлийнинг ривоятида, азоб ҳар душанба куни енгиллатилиши айтилади.

Ушбу ривоятдан маълум бўладики, Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг таваллудларидан хурсандчилигини изҳор қилиб, чўрисини озод қилгани сабабли ҳатто кофирга азоб енгил бўлса, мусулмон киши ушбу кун сабабидан хурсанд бўлса ва уни бошқаларга изҳор этса, савобга эришишга янада ҳақли бўлади.

Шу билан бирга ушбу муборак ойда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга салавотларни кўпайтириш, у зотнинг хаётларини чуқурроқ ўрганиб, суннатларига янада кўпроқ амал қилиш мақсадга мувофиқдир. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази

Мавзулар

Энг кўп ўқилган саволлар