КЎПКАРИГА ПУЛ ТИКИШ ҚИМОРМИ?

ID: 610

04.04.2025

72

Савол:

Ҳар хил от ўйинларига жумладан кўпкари ўйинига пул тикса ва йутса ҳалол бўладими?

Жавоб:

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.

Фуқаҳоларимиз "Мағлубларнинг молидан ғолибга берилиши шарт қилинган ҳар қандай ўйин — қимордир" деб айтганлар ("Таърифоту Журжоний" китоби). Шундан келиб чиқиб, от ўйинлари ва кўпкари каби ўйинларда ўйин иштирокчилардан муайян сумма йиғиб олиб, ғолибга берилса — бу қимор ҳисобланади. Шунингдек, мухлислар ичида ўзаро келишиб, отларга пул тикилса ва ғолиб отга тикканлар қолганларнинг пулини оладиган бўлса — бу ҳам қимор саналади. Қимор эса шариатимизда ҳаромдир. Бунга Аллоҳ таолонинг ушбу ояти асос бўлади:

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُواْ إِنَّمَا الْخَمْرُ وَالْمَيْسِرُ وَالأَنصَابُ وَالأَزْلاَمُ رِجْسٌ مِّنْ عَمَلِ الشَّيْطَانِ فَاجْتَنِبُوهُ لَعَلَّكُمْ تُفْلِحُونَ

"Ей иймон келтирганлар! Албатта, хамр, қимор, бутлар ва (фол очадиган) чўплар ифлосдир. Шайтоннинг ишидир. Бас, ундан четда бўлинг. Шоядки, нажот топсангиз" (Моида сураси 90).

Лекин  ҳеч ким пул тикмасдан, балки, бир киши ёки бир неча киши ғолиб учун муайян мукофот эълон қилиб, уни ғолибга берилса, қимор ҳисобланмайди. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси  Фатво маркази.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази

Мавзулар

Энг кўп ўқилган саволлар