Мен киноларда графика билан шуғуланаман, бунда оддий кадрлардаги инсонларни йуз қиёфасига жароҳат етказилган ҳолатлар ва ўқ отилиб инсонга жароҳат етказган ҳолатлар компйутер графикасида тайёрланади ва бундан ташқари кўп тарихий филмлар учун бўри ва йўлбарс каби йиртқич ҳайвонларни компйутерда худди хақиқий ва жонлидек ясалади, саволим шундан иборатки: мен графикада кадрда бўлмаган ҳайвонларни ясаб уларни филмларда ишлатишим мумкинми ва филмда инсонга жароҳат ҳолатларида йузига ўзгартириш киритиб зомби ҳолатларига киритишим мумкинми ва мен бу графикачи иши касби орқали гуноҳкор бўлмайманми? Бу касб шариатимизда ҳалолми ёки ҳаром?
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.
Кино ва мултфилм ишлаб чиқаришда компйутер графикасидан фойдаланиш масаласида замонамиз уламолари турлича фикр билдирганлар. Баъзи уламолар шариатимизда инсонни, жонли нарсаларнинг суратини тўла ҳолда чизиш тақиқлангани эътиборидан уни жоиз эмас, дейишган. Ушбу уламолар ўз сўзларига Имом Муслим ва бошқа бир қанча муҳаддислар ривоят қилган расм чизишнинг мумкин эмаслиги борасидаги ҳадисларни далил қиладилар. Жумладан, Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қиёмат куни аллоҳнинг ҳузурида энг қаттиқ азобда бўладиган одамлар мусаввирлардир”, – деганлар. Бу мазмундаги ҳадислар кўплаб саҳобалар томонидан ривоят қилинган бўлиб, уларга кўра жонли нарсаларнинг суратини чизишга изн йўқлиги, одамлар ўша суратларни илоҳ қилиб олишлари хавфи борлиги, натижада эътиқодий бузилишлар йузага келиши айтиб ўтилган. Айниқса, жонли нарсаларнинг суратини чизишда инсон Аллоҳнинг яратганига ўхшатишга уриниш маъноси борлиги ҳадисларда очиқ таъкидланган. Шунингдек, замонамиздаги кўпчилик уламолари компйутер графикасидан фойдаланиш жоиз эканига фатво берганлар. Ушбу уламоларнинг таъкидлашларича, компъйутер графикаси орқали яратилган сурат – фотосурат ва киноматографик суратлар кабидир. Зеро, буларнинг барчасида акс олиш ва уни электрон экранда намоён қилиш бор. Қолаверса, бунда инсон томонидан Аллоҳ таоло яратган нарсага ўхшатишга уриниш, ундай нарсаларга ибодат қилиш маъноси ҳам йўқ. Электрон фото худди ойнага акс тушгандек гап. Фақат бу ерда тасвирнинг акси ойнада забт бўлиб қолмайди, балки фотода забт бўлиб, уни қоғозга чиқариш мумкин бўлади. Мисрнинг фатво ҳамда Исломий тадқиқотлар уйушмасининг уламолар Кенгаши 2010 йил декабр ойида бўлиб ўтган ўн иккинчи мажлисида “Ислом аҳкомлари ва одобларини таълим беришда қўлланиладиган аниматсион расмларнинг ҳукми”га доир 161-сонли Қарорини эълон қилган. Унда мусулмон ёшларни таълим-тарбияси ҳамда исломий маданиятини ривожлантиришда электрон расмларни яратиш жоиз экани таъкидланган. Хулоса қилиб айтганда, замонамизнинг кўпчилик уламолари эълон қилган фатво – компйутер графикасидан фойдаланишнинг жоиз экани далил жиҳатдан қувватли ва замон руҳига мос саналади. Чунки ҳозирги пайтда динимиз душманлари томонидан компйутер графикасидан кенг фойдаланган ҳолда оломонча маданиятини сингдириш учун тизимли ишлар амалга оширилаётган бир пайтда мусулмонлар томонидан динимиз меъёрларига тўла мос келувчи филм ва мултфилмлар яратиш бугунги куннинг заруратига айланмоқда. Айниқса, буйук ва намуна бўлган тарихий шахсларнинг ибратли ҳаёти, Исломдаги одоб-ахлоқ, таълим-тарбия, илм-фанга тарғиб ва эзгу ғояларни шакллантирувчи образларни яратиш ёшларимизнинг эътиқоди ва ахлоқ меъёрларини сақлаб қолишга хизмат қилади. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази.