Ассаламу алайкум, бир маълумотни билиб қолди. Хўжалик совуни, яъни халқ тилидаги кир совунларга 3 хил кўринишда ёғ бўлиши мумкин экан: 1. Чўчқа ёғи 2. Чўчқадан бошқалар ҳайвондан олинган ёғ 3. Ўсимликлардан олинган ёғ. Савол шундан иборатки, биринчи 2 турдаги ёғлар қўшилган кир совунларни ишлатиш жоизми?
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Янги совун нопок ҳисобланмайди. Ҳатто ишлаб чиқариш жараёнида нопок моддалар қўшилган тақдирда ҳам кимёвий ўзгариш жараёнидаги ўзгаришлар туфайли улар бошқа нарсага, яъни совунга айланиб қолади ва у шариат қоидасига кўра ҳалол ҳисобланаверади. Динимизда барча нарсалар, агар уларнинг нопоклиги аниқ бўлмаса, пок ҳисобланади. Масалан, янги кийим сотиб олинган кийим нопок деган гумон билан йувилмайди. Қачон унда нажосат борлиги аниқ бўлсагина, йувилади. Фиқҳий манбаларимизда бу ҳақида мана бундай келган: لأن الطهارة في الأشياء أصل، والنجاسة عارض، فيجري على الأصل حتى يعلم حدوث العارض “...нарсалардаги асл ҳолат бу уларнинг поклиги бўлиб, нажосат бўлиши оризий(кейин пайдо) бўладиган нарсадир. Шунга кўра нарсаларнинг, то нопоклиги маълум бўлмагунича асл ҳолатига (яъни пок эканига) ҳукм қилинаверади”. (“Муҳити Бурҳоний” китоби). ( وَ ) يَطْهُرُ ( زَيْتٌ ) تَنَجَّسَ ( بِجَعْلِهِ صَابُونًا ) بِهِ يُفْتَى لِلْبَلْوَى . “Нажосат бўлган ёғ совунга айлантириш билан пок бўлади. Умумий балво (омма мубтало бўладиганлиги) туфайли шунга фатво берилган”. (“Раддул муҳтор” китоби).