КЕЛИН ПАСТ ЎРИНДА ТУРАДИМИ?

ID: 252

04.04.2025

64

Савол:

Келин ҳаммадан паст ўринда, паст табақада турадими?

Жавоб:

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм.

Аллоҳ таоло инсонни барча махлуқотлар ичида энг мукаррами ва азизи қилиб яратди. Уларнинг бир-биридан мукаррамлигини эса уларни тақволарига боғлиқ қилиб қўйди. Аллоҳ таоло Қуърони каримда "Албатта, сизларнинг Аллоҳ наздидаги энг ҳурматлироғингиз тақводорроғингиздир" (Ҳужурот сураси, 13-оят) деб марҳамат қилди. Шундай экан, бирор инсон бошқа инсонни ҳатто ўз келини бўлса ҳам паст санаб, одам ўрнида кўрмасликлари айни гуноҳ ишдир. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Мусулмон – мусулмонлар унинг тилидан ва қўлидан саломат бўлган одамдир. Муҳожир – Аллоҳ қайтарган нарсадан узоқда (ҳижратда) бўлган одамдир", дедилар (Имом Абу Довуд ривояти).

Шу ўринда бир мулоҳаза бор. Қайнота ва қайноналар барча фарзандларига: ўғил-қиз, келин-куёвларига мураббий ҳисобланадилар. Улар фарзандларининг фойдасини ўйлаб гапирган насиҳатларини муҳтарама келинларимиз ўзларининг фойдаси деб қабул қилсинлар. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси  Фатво маркази.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази

Мавзулар

Энг кўп ўқилган саволлар