Каъбаи муаззама ичида ҳавода муаллақ турувчи тош бор деб айтишди. Лекин Каъбанинг расмларида бу нарсага кўзим тушмади. Илтимос шу хақида озроқ маълумот берсангиз.
Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм.
Каъбанинг ичида ҳавода муаллақ тош борлиги ҳақидаги гап-сўзлар асоссиз ва воқеликка тўғри келмайди. Чунки у ерда ғайри табиий нарсанинг ўзи йўқ.
Ҳозирги кунда Каъбаи муаззаманинг ички қисмининг тавсифи қуйидагича: Каъбанинг ичи ва деворларига мармар плиталар ётқизилган. Ушбу мармарлардан бири бошқаларидан ранги ва тузилиши билан ажралиб туради. Макка шаҳри мусулмонлар қўлига ўтгач, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айнан ана шу ерда намоз ўқиганлар. Шунинг учун шу жойда қилинган ибодат савоби улуғ ҳисобланади.
Деворларда бир хил оралиқда Аллоҳ уйини сақлаш учун қайғурган буйук шахсларнинг исмлари ва Каъбатуллоҳда қилинган ишларни ёритувчи матн ва безаклар илиб қўйилган. Каъба шифтига ипак мато қопланган. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази.