КАТТА ОДАМ САЛОМ БЕРГАНДА

ID: 584

04.04.2025

122

Савол:

Ўзидан катта одам салом берса алик олиш керакми ёки “Ассалому алайкум” деб жавоб қайтариш керакми? Телефонда кўп ҳолатда ўзимиздан катта инсонлар салом беради.

Жавоб:

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм.

Икки мўмин бир-бирига дуч келганида, ёки телефон орқали боғланганида хоҳ таниш ва хоҳ нотаниш бўлсин, суҳбат аввалида салом беришлари керак. Саломлашиш суннатдир.

Шариат бўйича ўтган умрнинг ўз қадри бор. Шунинг учун кичик ёшдагилар катта ёшдагиларни улуғлаб ва ҳурматини қилиб аввал салом беришлари одобдан саналади. Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

يُسَلِّمُ الصَّغِيْرُ ععَلَى الْكَبِيْر،ِ وَ الْمَارُّ عَلَى الْقَاعِدِ، وَ الْقَلِيْلُ عَلَى الْكَثِيْرِ

“Кичик каттага, пиёда ўтирганга, озчилик кўпчиликка салом беради”, – деганлар (Имом Бухорий ривояти).

Агар ёши кичик киши аввал саллом беришга улгурмасдан, саволда сўралган ҳолат йузага келиб қолса, берилган саломга жавоб қайтаришда: “Ассалому алайкум”, деб, алик олиш ҳам мумкин. Ояти каримада Аллоҳ таоло айтади:

وَإِذَا حُيِّيتُم بِتَحِيَّةٍ فَحَيُّوا بِأَحْسَنَ مِنْهَا أَوْ رُدُّوهَا  إِنَّ اللَّهَ كَانَ عَلَىٰ كُلِّ شَيْءٍ حَسِيبًا

яъни: “Қачон сизларга бирор саломлашиш (ибораси) билан салом берилса, сизлар ундан чиройлироқ қилиб алик олингиз ёки ўша (ибора)ни қайтарингиз. Албатта, Аллоҳ ҳар бир нарсани ҳисобга олувчи Зотдир” (Нисо сураси, 86-оят). Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси  Фатво маркази.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази

Мавзулар

Энг кўп ўқилган саволлар