Ота-оналар розилиги билан йигит ва қиз учрашувга чиқадилар. Шу учрашувда исломий одоб-ахлоқ билан қандай суҳбат олиб борса ва қандай саволлар берса бўлади. Динимизда бу борада қандай кўрсатмалар бор?
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.
Динимизда бўлажак келин-куёвлар умуман учрашмай, кўришмай турмуш қуриш қораланган. Бундан ташқари ғарб одатига кўра бир-бирини бир неча йиллар “синаб” кўриб уйланиш ҳам динимизда қайтарилган ҳаром амаллардан ҳисобланади.
Мўтабар ҳанафий манбалар “Мухтасарул Қудурий” китоби ва унинг шарҳи “Лубоб”да шундай дейилади: “Шаҳватдан омонда бўлганда эркак аёлнинг фақат йузига ва кафтига қараши мумкин. Агар шаҳватдан омонда бўлмаса, фақат олди-берди, савдо-сотиқ каби ҳожат-зарурат бўлгандагина йузига қараши жоиз. “Дуррул мухтор” китобида: “Номаҳрамга назар қилиш шаҳватдан омонда бўлишга боғлаб қўйилган, акс ҳолда назар қилиш ҳаромдир ва бу ўтган даврларда шундай. Бизнинг замонимизда эса ёш аёл-қизларга қараш ман қилинган” Иқтибос тугади.
Шунинг учун номаҳрамлардан кўзни тийиш эркаг-у аёлга бирдай вожибдир. Аммо турмуш қурмоқчи бўлган йигит қизнинг бир-бирларини совчилик нияти билан кўриши жоиз ва керак. Бу ҳақида ҳадислар кўп.
Имом Муслим “Саҳиҳ” ларида Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир аёлга уйланмоқчи бўлган кишидан: “Уни кўрдингми?” деб сўрадилар. У: “Йўқ”, деди. “Боргин-да, уни кўр”, дедилар”.
Имом Аҳмад, Абу Довуд ва Ҳоким Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар:
إِذَا خَطَبَ أَحَدُكُمُ الْمَرْأَةَ فَإِنِ اسْتَطَاعَ أَنْ يَنْظُرَ إِلَى مَا يَدْعُوهُ إِلَى نِكَاحِهَا فَلْيَفْعَلْ » (رواه الإمام أبو داود عَنْ جَابِرِ بْنِ عَبْدِ اللَّهِ)
"Агар сизлардан бирингиз бир аёлга совчи йубормоқчи бўлса, у аёлнинг никоҳига боис жойларини кўра олса, кўрсин".
Уйланмоқчи бўлган йигит қизнинг фақат йузи ва икки кафтини кўриши мумкин. Ундан бошқа жойларни кўриши мумкин эмас. Барча мужтаҳид уламоларнинг фикрлари шундай. Зеро, йуз гўзалликни кўрсатса, икки кафт бадан салоҳиятини кўрсатади. Йигит қизнинг оғзи ва баданининг ҳидини, сочининг гўзаллигини билишни истаса, онаси ёки синглисини йубориб билиш имконига эга.
Энг яхшиси, уйланмоқчи бўлган йигит қизни унга совчи йубормасдан илгари кўрсин. Агар ёқмаса, қизга озор етказмайди, совчи йубормайди. Қизни кўриш учун унинг розилигини олиш, яъни унинг билиши шарт эмас. Йигит қизни билдирмай ва у сезмаган ҳолда кўриши мумкин. Шу яхши. Имом Аҳмад ва Табароний Абу Ҳумайд Содий разияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Агар сизлардан бирингиз аёлга совчи йуборган бўлса, у аёл билмасада, уйланиш ниятида уни кўриши гуноҳ бўлмайди”, дедилар. Аммо бундай учрашувда нималар ҳақида гаплашиш керак, нималарни сўраш керак экани айтилмаган. Вазиятдан келиб чиқиб, бир-бирини хижолатга қўймайдиган саволлар беришлари мумкин. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази.