Инсон ички касалликдан масалан саратон (рак) ёки шунга ўхшаш касалликдан вафот этса шаҳид ҳисобланадими?
Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм.
Ҳа, ҳадиси шарифда ички касаллликлар билан вафот этган мўмин-мусулмонларга шаҳидлик даражаси ваъда қилинган.
Пайғамбаримиз алайҳиссалом бундай деб марҳамат қилдилар:
الشهادة سبع سوى القتل في سبيل الله : المطعون شهيد والغريق شهيد وصاحب ذات الجنب شهيد والمبطون شهيد وصاحب الحريق شهيد والذي يموت تحت الهدم شهيد والمرأة تموت بجمع شهيد (رواه مالك وأبو داود والنسائي عن جابر بن عتيك)
яъни: “Аллоҳнинг йўлида ўлишдан ташқари шаҳидлик етти хилдир: вабодан ўлган шаҳид, чўкиб ўлган шаҳид, зотилжамдан ўлган шаҳид, қорин оғриғи (ички касалликлар)дан ўлган шаҳид, куйиб ўлган шаҳид, бирор нарса остида қолиб ўлган шаҳид, ҳомиласи (туғруқ) сабаб ўлган шаҳиддир” (Имом Молик, Имом Абу Довуд ва Имом Насоий ривоятлари).
Яъни, ҳақиқий шаҳидлик Аллоҳ йўлида душман билан жангда ўлдирилиш бўлса (уни кийими билан йувмасдан жаноза ўқиб, кўмилади), Пайғамбаримиз алайҳиссалом йуқорида санаган етти тоифа инсонлар ҳукмий шаҳидлик даражасига эришадилар (уларни йувиб, кафанлаб, жаноза ўқиб дафн қилинади). Улар ўлими олдидан қаттиқ оғриқ ва аламни ҳис қилганлари сабабли уларга шу даража берилади.
Ҳадисларни шарҳ қилган зотлардан бири Имом Нававий раҳимаҳуллоҳ қорин оғриғидан вафот этган киши ким деган саволга қорнида касаллик бўлган киши, деб жавоб берганлар. Баъзилар қорнида шиш бўлган, баъзилар мутлақо ички касалликлардан вафот этган кишилар, деб жавоб берганлар. Мана шу охирги жавобга Имом Қуртубий ҳам жазм қилганлар.
Демак, қорин соҳасидаги саратон касали билан вафот этганларга ҳам шаҳидлик даражасини умид қилинади. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази.