ИРИМНИНГ ТЎҒРИ ЭЪТИҚОДДАН ЧАЛҒИТИШИ

ID: 423

04.04.2025

66

Савол:

Қайнонам исириқ тутатганда бир чўпни етти марта синдиришимни айтадилар. Ёки супургини тикка тургазиб қўйиш, кеч бўлганда уй супуриш фалокат олиб келиши ҳақида ҳам кўп гапирадилар. Бу ҳаммаси ўринли бўлган ҳақиқатларми?

Жавоб:

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.

Динимиздаги ҳар бир буйруқ, қайтариқ, гуноҳ ё савоб ишнинг асоси бўлади. Асоссиз, одамлар томонидан тўқиб олинган, динда бор деб тақдим қилинаётган гаплар ва амаллар эътиборга олинмайди. Ирим-сиримларга ишониш инсонлар ўртасида ўзаро низо ва фитналарни келиб чиқишига сабаб бўлмоқда. Аслида Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам турли нарсалардан ирим қилиш, шумланишдан қайтарганлар.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам муборак ҳадиси шарифларида: “Уч нарсадан менинг умматим ҳануз қутула олмайдилар: ҳасад, бадгумонлик, иримдир. Шу нарсалардан қутулиш йўли шуки, ҳасад қилсангиз зулмга ўтмаслиги. Гумон-у шубҳа қилсангиз, уни ҳақиқат ҳисоб қилиб унга асосан иш тутмаслик. Бирор ирим қилинадиган нарсага дуч келсангиз, Аллоҳга таваккул қилиб, йўлингизда ва ишингизда давом этаверинг”, деганлар (Абу Яъло ривояти).

Саволда сўралгани каби ирим-сиримлар ҳам кишини тўғри эътиқоддан чалғитиб, ҳар хил асоси бўлмаган нарсалар билан ўралашиб қолишга олиб келади. Шунинг учун динимиз бундай одатлардан қайтарган. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси  Фатво маркази.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази

Мавзулар

Энг кўп ўқилган саволлар