Ассалому алейкум устозлар. Ўзбекистон фонд бозори, яъни биржа савдоларида иштирок этиб актсия сотиб олиш (агар корхона фаолияти шаръий ҳалол бўлса) мумкинлиги хаққида шайҳ ҳазратларининг зикр аҳлидан сўранг сайтида ўқиган эдим, лекин актсиялар икки турга бўлинганлиги сабабли оддий актсиялардан олинган дивидент ва фойдалар ҳалол, имтиёзли актсиялардан олинадиган дивидентни эса харом дейишмоқда. Шу масалада илм аҳли фатволари тўғрисида тўлиқроқ маълумот берсангиз. Аллоҳ Таъоло илмингизни зиёда қилсин. Раҳмат.
Ва алайкум ассалом. Оддий актсиялар эгаси корхона мулкига ҳақиқий шерик бўлиб, унинг фойдасидан улуш олади ва зарарига ҳам шерик бўлади, бу шаръий шерикчилик тамойилига мос келади. Имтиёзли актсиялар эса, аксинча, фойда-зарардан қатъи назар, эгасига олдиндан белгиланган, кафолатланган, қатъий миқдорда дивиденд тўлашни назарда тутади. Айнан мана шу кафолатланган қатъий фойда унинг моҳиятини қарз эвазига олинадиган фоизга ўхшатиб қўяди. Шунинг учун уламолар фатволарда фақат фойда ва зарарга шерик бўлинадиган оддий актсиялар билан савдо қилишга рухсат берадилар. Валлоҳу аълам.