ИЖАРАГА ОЛИНГАН НАРСАНИ ИЖАРАГА БЕРИШ

ID: 939

04.04.2025

116

Савол:

Шариатимизга кўра ижарага олинган нарсани бошқа кишига ижарага бериш мумкинми? Шунга аниқлик киритиб берсангиз.

Жавоб:

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.

Ҳанафий, моликий ва шофеъий уламоларга кўра (ҳанбалийларда ҳам саҳиҳ гап шундай) ижарага олинган нарсани  ўзгага ижарага бериш жоиз. Бунинг шартлари: ижарага олинган нарса шартнома муддатида қўлда тутиб турилган бўлиши ва ижарага олинган нарса фойдаланувчи ўзгариши билан ёмон таъсирга учрамаслиги керак. Ҳанафий уламоларимиз, агар биринчи ижара ҳаққи билан иккинчисининг жинси бир хил (масалан бир хил пул бирлиги) бўлмаса, бу иш жоиз дейишган. Агар икки ижара ҳаққининг жинси бир хил бўлса, биринчи ижарага олувчига биринчи ижара ҳаққидан ортиғи дуруст бўлмайди (масалан 100 мингга ижарага олинган уйни 120 мингга ўзгага ижарага бера олмайди), чунки ортиқча маблағда шубҳа бор. Ортиқча олиб қўйган бўлса, садақа қилади. Лекин иккинчи ижара битими дуруст бўлади (“Кувайт фиқҳ энтсиклопедияси”).

Ижара – бирор эваз муқобилига маълум манфаатлардан фойдаланиш учун тузилган савдо шартномаси. Манфаатлар фойдаланиш муддати ва хизмат турини айтиш билан маълум бўлади (“Мухтасарул виқоя” китоби).  Ижара икки қисмга бўлинади:

Инсон меҳнатини ижарага олиш. Масалан, кийим тикиб бериш, йук ташиб бериш ва бошқа хизматлар. Бу хизматларда ҳам хизматга ёлланган кишига ишни ўзи ёки ўз қўли билан қилиб бериш шарт қилинса, хизматга ёлланган киши бу ишни бошқага қилдира олмайди. Лекин умумий қилиб, шу хизматни қилиб беринг, дейилган бўлса, ёлланган киши бу ишга бошқа одамни ёллаши мумкин.

Айни бир нарсани ижарага олиш. Масалан, уйни яшаш учун ижарага олиш, машинани миниши учун ижарага олиш ва шу кабилар. Уй ёки дўконни ижарага олганда унда нима қилишини айтмаса ҳам битим тўғри бўлаверади. У ерда истаган фаолиятини олиб боради, фақат бинога зарар етказадиган ишлар дуруст эмас.

Ижарага олинган нарсанинг талофатга учрашида ижарага олган томоннинг айби бўлмаса, масалан, келишилган мақсадда ишлатган ёки машинага белгиланган миқдорда йук ортган бўлса, тўлаб бермайди. Ижарага олувчи ҳаддан ошган бўлса, ижарага олинган нарсага унинг айби билан талофат етса тўлаб беради (“Кувайт фиқҳ энтсиклопедияси” ва “Мухтасарул виқоя” китоблари). Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси  Фатво маркази.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази

Мавзулар

Энг кўп ўқилган саволлар