Ассалому алайкум. Саволларимизга бераётган жавобингиз учун ташаккур. Аллоҳ рози бўлсин. Саволим шундан иборат: Намозларимиз, ибодатларимиз қабул бўлаётганининг қандай аломатлари бор? Мени ҳар куни "намозларим қабул бўлмаётган бўлса-чи?" деган ўй-ҳаёллар қийнайди, кўпинча намозга турганимда. Бунинг сабаби нимада? Ижтимоий тармоқда юртимиз аҳли илмларидан бири "бир намозни ўқиб, кейинги намозни ҳам ўқий олсангиз, олдинги намозингиз қабул бўлибди, агар кейингисини ўқий олмасангиз, олдинги намозингиз қабул бўлмабди," дедилар. Бу қанчалик тўғри? Баъзи бир сабаблар билан намозимиз қазо бўлса, шунда олдинги намозимиз қабул бўлмаган бўладими (масалан, бомдодга ухлаб қолсак ёки қандайдир ишлар билан чалғиб, қазо қилиб қўйсак каби сабаблар)?
Ва алайкум ассалом. Ибодатларимизнинг қабул бўлгани ёлғиз Аллоҳ таологагина маълум бўлган ғайб ишидир. Уламолар айтганидек, бир солиҳ амалдан сўнг яна бошқа бир яхши амалга муваффақ бўлиш, аввалги амалнинг қабул бўлганига умид бағишлайдиган аломатдир. Аммо бу қатъий қоида эмас. Бирор сабаб билан кейинги намозни қазо қилиб қўйиш, аввалги намоз аниқ қабул бўлмаганини англатмайди. Бундай хулоса чиқариш нотўғри.
"Ибодатим қабул бўлмаётгандир" деган доимий хавотир эса, кўпинча шайтоннинг васвасаси бўлиб, мўмин кишини ибодатдан совутишга уринишидир. Банданинг вазифаси ихлос билан амал қилиш, хато-камчиликларига истиғфор айтиш ва Аллоҳнинг раҳматидан доим умидвор бўлишдир. Валлоҳу аълам.