Намозда зам сураларни укишда кетма кетликда укилади деб эшитдим. Шу ҳақди маълумот берсангиз.
Бисмиллаҳир роҳманир роҳим. Фарз намозларда сураларни Қуръони каримда келган тартибда ўқиш лозим.
Бу ҳақда “Фатавои ҳиндия” китобида шундай дейилади:
وَإِذَا قَرَأَ فِي رَكْعَةٍ سُورَةً وَفِي الرَّكْعَةِ الْأُخْرَى أَوْ فِي تِلْكَ الرَّكْعَةِ سُورَةً فَوْقَ تِلْكَ السُّورَةِ يُكْرَهُ وَكَذَا إذَا قَرَأَ فِي رَكْعَةٍ آيَةً ثُمَّ قَرَأَ فِي الرَّكْعَةِ الْأُخْرَى أَوْ فِي تِلْكَ الرَّكْعَةِ آيَةً أُخْرَى فَوْقَ تِلْكَ الْآيَة
яъни: “Агар намозхон биринчи ракатга бир сурани қироат қилган бўлса, сўнг иккинчи ракатга ёки биринчи ракатнинг ўзида ана шу суранинг юқорисидаги сурани қироат қилса макруҳ бўлади. Худди шунингдек бир ракатда маълум бир оятни қироат қилиб, кейинги ракатда ёки шу ракатнинг ўзида юқорисидаги оятни қироат қилиш ҳам макруҳдир".
Чунки Қироатда суралар тартибига риоя қилмасликда саҳобалар ижмў қилган тартибни тарк қилиш бор. Яна бу мавзуда шундай дейилади:
وَإِذَا جَمَعَ بَيْنَ سُورَتَيْنِ بَيْنَهُمَا سُوَرٌ أَوْ سُورَةً وَاحِدَةً فِي رَكْعَةٍ وَاحِدَةٍ يُكْرَهُ وَأَمَّا فِي رَكْعَتَيْنِ إنْ كَانَ بَيْنَهُمَا سُوَرٌ لَا يُكْرَهُ وَإِنْ كَانَ بَيْنَهُمَا سُورَةٌ وَاحِدَةٌ قَالَ بَعْضُهُمْ: يُكْرَهُ، وَقَالَ بَعْضُهُمْ: إنْ كَانَتْ السُّورَةُ طَوِيلَةً لَا يُكْرَهُ. هَكَذَا فِي الْمُحِيطِ كَمَا إذَا كَانَ بَيْنَهُمَا سُورَتَانِ قَصِيرَتَانِ. كَذَا فِي الْخُلَاصَةِ.
яъни: “Бир ракатда иккита сурани жамласа ва у икки суранинг ўртасида бир ёки бир нечта сура тушиб қолса, макруҳ бўлади. Аммо бу икки сурани икки ракатда ўқиса ва у икки суранинг ўртасида бир нечта сура бўлса, макруҳ бўлмайди. Агар у икки сура ўртасида битта сура қолиб кетса, баъзи уламолар назида макруҳ бўлади. Бошқа уламолар наздида эса ўртада қолган сура узун бўлса макруҳ бўлмайди “Муҳит” китобида шундай дейилган. Икки ракатга ўқилган икки суранинг ўртасида иккита қисқа сура қолиб кетган бўлса, макруҳ бўлмайди “Хулоса” китобида шундай дейилган” (“Фатавои ҳиндия” китоби).
Демак икки зам сура ўртасида иккита сурани ташлаб ўқиш макруҳ саналмайди. Чунки Жобир ибн Самура разияллоҳу анҳу Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг шом намозида биринчи ракатга “Кафирун” иккинчи ракатга “Ихлос” сураларини зам қилиб ўқиганларини ривоят қилганлар:
كَانَ النَّبِىُّ صلى الله عليه وسلم يَقْرَأُ فِى صَلاَةِ الْمَغْرِبِ لَيْلَةَ الْجُمُعَةِ (قُلْ يَا أَيُّهَا الْكَافِرُونَ) وَ (قُلْ هُوَ اللَّهُ أَحَدٌ). (رواه الامام البيهقي)
яъни: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам жума кечаси шом намозига “Кафирун” ва “Ихлос” сураларини ўқидилар" (Имом Байҳақий ривоятлари).
Биринчи ракатга “Нас” сурасини ўқиб қўйган бўлса, иккинчи ракъатга ҳам шу сурани такрор ўқийди (“Хулоса” китоби). Чунки такрор ўқиш тескари ўқишдан кўра энгилроқ ҳисобланади. Баъзи уламолар бундай ҳолатда “Бақара”дан “Alif лам мийм”ни ўқисин, деганлар.
Яна “Фатавои ҳиндия” китобда шундай дейилади:
وَيُكْرَهُ تَكْرَارُ السُّورَةِ فِي رَكْعَةٍ وَاحِدَةٍ فِي الْفَرَائِضِ وَلَا بَأْسَ بِذَلِكَ فِي التَّطَوُّعِ كَذَا فِي فَتَاوَى قَاضِي خَانْ وَإِذَا كَرَّرَ آيَةً وَاحِدَةً مِرَارًا فَإِنْ كَانَ فِي التَّطَوُّعِ الَّذِي يُصَلِّي وَحْدَهُ فَذَلِكَ غَيْرُ مَكْرُوهٍ وَإِنْ كَانَ فِي الصَّلَاةِ الْمَفْرُوضَةِ فَهُوَ مَكْرُوهٌ فِي حَالَةِ الِاخْتِيَارِ وَأَمَّا فِي حَالَةِ الْعُذْرِ وَالنِّسْيَانِ فَلَا بَأْسَ. هَكَذَا فِي الْمُحِيطِ.
яъни: “Фарз намозларда бир ракатда бир сурани такрор ўқиш макруҳдир. Нафл намозларда макруҳ эмас “Фатаво Қозихон”да шундай ёзилган. Ёлғиз намоз ўқувчи бир оятни нафл намозларда бир неча бор такрорласа ҳам макруҳ бўлмайди. Фарз намозларда бир оятни ихтиёрий ҳолатда такрорласа макруҳ бўлади, агар узрли (яъни, бошқа оятни билмаса) ёки унутган ҳолатда такрорласа, макруҳ бўлмайди. “Муҳит” китобида шундай дейилган”. Имом Нажмиддин Умар Насафий (ваф. 537 ҳ.й.)нинг “Фатаво” китобида шундай баён қилинган: “Абул Фазлдан нафл намозда биринчи ракатга “Масад” сурасини, иккинчи ракатга ундан юқорида бўлган “Наср” сурасини қироат қилиш ҳақида сўралганида: “Агар қасддан шундай қилса, макруҳ бўлади", деганлар. Қози имом Абу Бакр эса фарз намозда макруҳ бўлади, нафлда макруҳ бўлмайди", деганлар”.
Демак, юқорида саналган барча ҳолатлар қасддан қилинса, фарз намозларда макруҳ бўлади, суннат ва нафл намозларда эса бу борада ҳукм энгилроқ бўлиб, макруҳлик юзага чиқмайди. Валлоҳу аълам.