Ассалому алайкум. Жамоат намозларида имомлар намозни бошлашдан аввал: "Сафларни текисланглар, зич бўлсин, очиқ жойлар қолмасин", дейишади. Шундан кейин сафлар жуда зич бўлиб кетади. Яримта одам сиғадиган жойга битта одамни бир амаллаб сиғдиришади. Баъзида қўлларни тўғри боғлашга имкон бўлмайди, сафлар шунчалик зич бўлиб кетганидан. Ёш болалар орада сиқилиб қолганларининг ҳам гувоҳи бўлганман. Бундан ташқари, намозда хушуъ бўлмасликка сабаб бўлиши мумкин. Шу даражада сафларни зич қилиб ташлашлик ўзи тўғрими?
Ваалайкум ассалом. Сафларни текислаш ва орада очиқ жой қолдирмаслик ҳадисларда таъкидланган. Ҳанафий мазҳаби фуқаҳолари қиёмда икки оёқ ораси тўрт бармоқ миқдорида бўлишини суннат деганлар, чунки бу хушуъга яқинроқдир. Шундай экан, сафни текислашда мўътадиллик, яъни бошқаларга озор бермайдиган ва хушуъга халал етказмайдиган даражада жипслашиш талаб этилади. Валлоҳу аълам.