Укам вафот этди, ундан вояга етмаган бир ўғил ва бир қиз қолди. Уларга онасидан ташқари кимлар ҳақлироқ ва кимлар масъул? Жавоб учун аввалдан раҳмат.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.
Биринчи навбатда дафн ҳамда унгача бўлган харажатлар ва қарзлардан ортган марҳумнинг барча мол-мулкини меросхўрларга шариат кўрсатмасига биноан бўлиб бериш керак.
Етимларга онасидан ташқари, тарбия жиҳатидан мома (буви)лари, таъминот жиҳатидан отасининг эркак қариндошлари (асаба); бобо, амаки ва амакининг ўғиллари масъул.
Йуқоридаги саволда меросга марҳумнинг хотини, ўғил-қизи ва марҳумнинг (агар ҳаёт бўлишса) ота-онасидан бошқа ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ! Лекин шундай ҳолатларда ҳам, етимлар ожиз тоифа бўлганидан, уларга отасидан қолган меросни бермасдан, ўзлари бўлиб оладиган, онаси билан қўшиб етимларни кўчага ҳайдайдиган амаки, амма, тоға ва хола каби қариндошлар гоҳ-гоҳида кўзга ташланиб туради. Бундай қилиш етимни ҳаққини ейиш ва катта гуноҳдир. Бу ҳақида Қуръони каримда шундай дейилади:
إِنَّ الَّذِينَ يَأْكُلُونَ أَمْوَالَ الْيَتَامَى ظُلْمًا إِنَّمَا يَأْكُلُونَ فِي بُطُونِهِمْ نَارًا وَسَيَصْلَوْنَ سَعِيرًا (النساء 10)
яъни: “Етимларнинг мол-мулкларини зулм йўли билан ейдиган кимсалар, албатта, қоринларида олов еган бўлурлар ва албатта, дўзахда куйгайлар” (Нисо сураси, 10-оят).
Аслида, ота вафотидан аввал етимларга васий тайинлаган бўлса (у қариндош ҳам, бегона ҳам бўлиши мумкин), ўша киши, васий бўлмаса бобо меросни ҳақдорларга шариатимизга мувофиқ бўлиб беради ва етимларни уларнинг ўзига теккан улуш ҳисобидан парваришлаб туради. Агар бобо бўлмаса, амаки ёки она ҳам васийлик қила олади. Васий ёки йуқорида саналган қариндошлар етимларнинг молини асраб, балоғатга етгач уларга топширадилар. Бу ишни адолат билан бажарсалар улкан савоб, агар етимни молига хиёнат қилсалар, ноҳақ ишлатсалар қаттиқ гуноҳкор бўладилар.
Қиз болалар ҳайз кўрадиган бўлгунича, ўғил бола ўзи еб-ичиб, кийиниб, истинжо қила оладиган бўлгунича уларни онадан (она бўлмаса, онанинг онасидан) ажратилмайди. Етимларга тегишли уйда бўлса ҳам она улар билан яшайди. Марҳумнинг хотини бошқа турмуш қурса ёки болалар йуқорида айтилган ҳолатга етишса, болаларни ота томондан маҳрам қариндошлари олиши мумкин (“Ҳидоя” китоби).
Йуқоридаги сўзлар отасидан мол қолган етимлар ҳақида кетди. Умуман мерос қолмаган етимларга эса ота томондан бой бўлган қариндошлар (масалан, бобо, амаки, амакининг ўғиллари) нафақа бериши вожиб бўлади. Булардан бошқалар ҳам етимларга яхшилик қилсалар, улуғ савобларга етадилар. Баъзи олимлар “Маъун” сураси етимларга бағишланган, бу “Етим” сурасидир, деганлар. Етимларни қарамоғига олганларнинг даражаси ҳақида Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилганлар:
" أنا وكافل اليتيم له ولغيره في الجنة هكذا " وأشار بالسبابة والوسطى وفرج بينهما شيئا .(رواه البخاري عن سهل بن سعد رضي الله عنه)
яъни: “Мен ва етимнинг кафили (хоҳ қариндоши бўлсин, хоҳ бегона бўлсин) жаннатда мана шундаймиз” Кўрсатгич ва ўрта бармоқларини орасини озгина очиб ишора қилдилар (Имом Бухорий ривоятлари).
Бу ҳадиси шарифда хоҳ ўзининг молидан, хоҳ (шаръан ҳақли бўлса) етимнинг молидан бўлсин харажат қилиб, уларни едириб-ичирган, кийинтирган, таълим-тарбия берган кафил ҳақида сўз кетмоқда (“Шарҳи Нававий ала Муслим” китоби). Этимни кафолатга олиш уни ўз оиласига қўшиб ёки етимни қариндошлари орасида қолдириб ҳам моддий ва маънавий ёрдам кўрсатиш билан йузага чиқади. Хулоса шуки, биз мусулмонлар етимлар ҳақидаги динимиз кўрсатмаларига тўлиқ амал қилишга ўтсак, дунё бўйича катта муаммо ҳисобланган етимлар масаласи чиройли ечимини топади. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази.