ДУГОНАЛАР БИЛАН МАҲРАМСИЗ УМРАГА БОРИШ

ID: 6204

17.01.2026

308

Савол:

Умрага аёллар маҳрамсиз борса бўладими? Баъзи танишларим дугоналари билан маҳрамсиз боришмоқда, шу тўғрими?

Жавоб:

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Аёл киши ожиза, заифа бўлиб, сафарда бўлсин ёки уйида бўлсин, ҳар доим ёрдамга муҳтождир. Шу сабабдан шариатимизда эркаклар аёлларга ҳам моддий, ҳам маънавий жиҳатдан кўмаклашишлари шарт. Айниқса, сафарда бўлганда. Чунки сафар қайси ниятда (гарчи илм олиш ниятида) қилинган бўлса ҳам унинг давомида қийинчиликлар пайдо бўлиши табиий ҳолдир. Ибн Умар разияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам:

" لَوْ يَعْلَمُ النَّاسُ مَا فِي الْوَحْدَةِ مَا أَعْلَمُ ، مَا سَارَ رَاكِبٌ بِلَيْلٍ وَحْدَهُ " (رواه الامام البخاري)

яъни: “Агар инсонлар якка юришнинг зарарини мен билганчалик ҳис қилишганида эди, бирор йўловчи кечаси ёлғиз ўзи юрмас эди”, – деганлар (Имом Бухорий ривояти).

Демак, бу ҳадис орқали Расулуллоҳ салаллоҳу алайҳи васаллам киши ёлғиз юрганда турли хил нохуш ҳолатларга дуч келиш эҳтимолидан холи эмаслигини огоҳлантирмоқдалар.

Дарҳақиқат, сафарда турли ҳолатлар содир бўлиши табиий. Шундай пайтларда аёл киши ёлғиз ўзи қийналиши турган гап. Шунинг учун унга хизматини қилиб, сафарга бирга бориб келишга бирор эркак ҳамроҳ бўлиши шарт.

Қолаверса, Пайғамбаримиз салаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:

"لا تسافر المرأة إلا مع ذي محرم" (رواه الامام مسلم).

яъни: “Аёл киши фақатгина маҳрами билангина бирга сафар қилсин!” (Имом Муслим ривоятлари).

Мазкур ҳадиси шарифда аёл киши маҳрамсиз сафар қилиши мумкин эмаслиги очиқ-ойдин баён қилинмоқда. Шундай экан, Пайғамбаримизнинг кўрсатмаларига амал қилишнинг натижаси баракотли бўлади, иншааллоҳ.

Демак, маҳрами йўқ аёл илм оламан, деб бошқа юртларга бориб, ўзини хатарга қўймасдан, маҳрам топилгунгача ўз шаҳридаги илм даргоҳларидан ёки бошқа илм олиш воситаларидан фойдаланиши керак бўлади. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази

Мавзулар

Энг кўп ўқилган саволлар