Ассалому алайкум ҳурматли Фатво маркази уламолари! Мен ошқозон ости безимда муаммо сабабли шифокорлар менга ферментли дориларни (масалан, Мезим, Фестал, Cреон) ичишни тавсия қилди. Аммо бу дорилар чўчқа ошқозон ости безидан олинадиган моддалар асосида тайёрланишини эшитдим. Шу сабабли бу дориларни ичсам бўладими дорихонада фақат шундай дорилар мавжуд экан
Динимизда зарурат ҳолатида ҳаром нарса билан даволанишга рухсат берилади. Бунинг учун бошқа ҳалол муқобил дори воситаси мавжуд бўлмаслиги ва тажрибали шифокор ушбу дорининг шифо эканини тасдиқлаши шарт. Бу рухсат бемор соғайгунга ёки ўрнини босувчи ҳалол даво топилгунга қадар амал қилади.
Аллома Ҳаскафий раҳимаҳуллоҳ мазҳабимизда ҳаром билан даволаниш жоиз эмаслигини баён қилиб, “Ҳовий” китобидан нақл қиладилар: “Баъзи қавлларга кўра ҳаром нарсада шифо борлиги маълум бўлса ва бошқа даво (дори) топилмаса, ҳаром билан даволанишга рухсат берилади. Бу худди чанқоқдан ўлар ҳолатга келган кишига май ичишга рухсат берилгани кабидир. Фатво шунгадир” (“Дуррул-мухтор” китоби). Аллома Ибн Обидийн раҳимаҳуллоҳ йуқоридаги сўзларни шарҳлаб, ҳаром моддада шифо борлиги аниқ бўлмаса, у билан даволаниш жоиз эмаслигини айтадилар. Лекин ўша моддада шифо борлиги табиб ўтказган кўп тажрибалардан маълум бўлган бўлса, бу гумони ғолиб келган табибнинг сўзи сифатида эътиборга олинади. Демак, уламоларнинг фатволарига кўра, беморга бошқа ҳалол дори-дармон топилмаганда, ҳаром моддада (жумладан чувалчангда) шифо борлиги бир қанча тажрибаларда исботланган бўлса, даволаниш учун уни истеъмол қилиш жоиз бўлади. Бу рухсат токи бемор тузалгунча давом этади, ундан кейин эса ейиш ҳаром бўлган моддага айланади.