Дайус деб кимга айтилади? Шариатимизда бу ҳақида нима дейилган?
Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм.
“Ал-мавсуъатул –фиқҳийя” китобида хулоса қилиб: “Фақиҳларнинг истилоҳи бўйича "дайус" сўзи бир-бирига яқин маъноларда таърифланиб, хотини ва маҳрамларини номаҳрамлардан қизғанмайдиган, рашк қилмайдиган маъносида қўлланган”, – дейилади.
Ҳофиз Ибн Ҳажар раҳимаҳуллоҳ “Фатҳул борий” номли китобида шундай деганлар: “Иброҳийм ал-Ҳарбий: “Дайус – эркакларни аёлининг олдига киришига йўл қўйган кишидир”, – деганлар”.
Абдуллоҳ ибн Амр разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз алайҳиссалом айтадилар:
ثلاث لا يدخلون الجنة، ولا ينظر الله إليهم يوم القيامة: العاق بوالديه ، والمرأة المترجلة – المتشبهة بالرجال -، والديوث ، وثلاثة لا ينظر الله إليهم يوم القيامة: العاق بوالديه والمدمن الخمر، والمنان بما أعطى ( أخرجه الامام أحمد )
яъни: “Уч тоифа кишилар жаннатга кирмайди ва Аллоҳ таоло қиёмат кунида уларга қарамайди: ота-онасига оқ бўлган киши, эркакларга ўхшашга уринган аёл ва дайус киши. Яна уч кишига Аллоҳ қиёмат кунида назар қилмайди: ота-онасига оқ бўлган киши, доимий маст қилувчи ичимликлар ичувчи, берганини кўп миннат қилувчи.” (Имом Аҳмад ривоятлари). Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази.