Исломда вегетарианликнинг ҳукми қанақа?
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.
“Вегетарианлик” сўзи лотинчадан олинган бўлиб, “ўсимликка оид” деган мазмунни билдиради. Бунда овқатланиш тарзи, гўштни чеклаб, асосан мева ва сабзавотларни тановул қилиш назарда тутилади. Шу зайлда овқатланувчилар вегетарианлар дейилади. Вегетарианлар муайян маҳсулотларни истеъмол қилишни чегаралаш даражасига кўра бир неча тоифага бўлинади. Уларнинг энг ашаддийлари ҳар қандай гўшт маҳсулотлари, шунингдек сут, тухум ва ёғларни истеъмол қилишдан бош тортадилар.
Инсон ўз таъби ва табиатидан келиб чиқиб гўшт ёки ҳайвондан олинган маҳсулотларни емаслиги ёки ейишни хоҳламаслиги мумкин. Лекин бунда қуйидаги жиҳатларга эътибор бериши лозим:
"يَا أَيُّهَا الَّذِينَ ءَامَنُوا لا تُحَرِّمُوا طَيِّبَاتِ مَا أَحَلَّ اللَّهُ لَكُمْ وَلا تَعْتَدُوا إِنَّ اللَّهَ لا يُحِبُّ الْمُعْتَدِينَ" (سورة المائدة/87)
“Ей, имон келтирганлар! Сизлар учун Аллоҳ ҳалол қилиб қўйган нарсаларни ҳаромга чиқармангиз ва ҳаддан ошмангиз! Зеро, Аллоҳ ҳаддан ошувчиларни ёқтирмайди” (Моида/87). Бошқа оятда эса:
"قُلْ مَنْ حَرَّمَ زِينَةَ اللَّهِ الَّتِي أَخْرَجَ لِعِبَادِهِ وَالطَّيِّبَاتِ مِنَ الرِّزْقِ قُلْ هِيَ لِلَّذِينَ آَمَنُوا فِي الْحَيَاةِ الدُّنْيَا خَالِصَةً يَوْمَ الْقِيَامَةِ كَذَلِكَ نُفَصِّلُ الْآَيَاتِ لِقَوْمٍ يَعْلَمُونَ" (سورة الأعراف/32)
“Айтинг: “Бандалари учун чиқарган Аллоҳнинг зийнатини ва пок ризқларни ким ҳаромга чиқарди?” Айтинг: “У (зийнат ва пок ризқлар) бу дунёда имон келтирганлар (ва бошқалар) учун, қиёмат кунида эса, холис (мўминларнинг ўзлари учун бўлур)”. Шундай қилиб, оятларни биладиган қавмларга муфассал баён қилурмиз” (Аъроф/32).
مَا بَالُ أَقْوَامٍ قَالُوا كَذَا وَكَذَا؟ لَكِنّي أُصَلّي وَأَنَامُ، وَأَصُومُ وَأُفْطِرُ، وَأَتَزَوّجُ النّسَاءَ، فَمَنْ رَغِبَ عَنْ سُنّتِي فَلَيْسَ مِنّي
“Одамларга нима бўлдики, бундоқ, бундоқ, дейдилар?! Лекин мен намоз ҳам ўқийман, (тунда) ухлайман ҳам. Рўза ҳам тутаман, оғзим очиқ ҳам йураман. Аёлларга уйланаман ҳам. Ким менинг суннатимдан йуз ўгирса мендан эмас”, – дедилар (Имом Муслим ривояти).
Хулоса қилиб айтганда гўшт маҳсулотини ёқтирмагани ёки руҳий ҳолат туфайли (масалан, чорва сўйилаётганини кўрган одам гўштдан воз кечган каби) гўшт маҳсулотини истамайдиган киши билан уни ўзига ҳаром қилиб олган ёки шуни ибодат деб биладиган кишининг ўртасида фарқ бор. Вегетарианликка динимизнинг муносабати ҳам шунга кўрадир. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази.