Ассалому алайкум! Қайнонамлар бундан икки йил аввал вафот этганлар. Биз оилада беш ўғил, бир қиз фарзандмиз. Қайнонам ҳаётлик вақтларида менинг турмуш ўртоғим тилла узук олиб берган эдилар. Қайнонам вафотларидан олдин шу узук билан яна бир узукни йувғич аёлларга берасизлар деб васият қилган эканлар. Вафотларидан кейин қайнопам бу узукни бизга қайтариб бердилар. Бу узукнинг ҳукми қандай бўлади? Орадан икки йил ўтди. Бу васиятлардан бизнинг хабаримиз йўқ эди, яқинда билдик. Энди бу узукни нима қилишимиз керак?
Ва алайкум ассалом. Агар ўша икки узукнинг қиймати қайнонангизнинг вафотидан кейин қолган жами меросининг учдан бир қисмидан кам бўлса, бу васиятни бажариш барча меросхўрларга вожибдир. Агар узукларнинг қиймати 1/3 дан ошса, ортиқча қисми фақатгина барча меросхўрлар рози бўлсагина берилади, акс ҳолда фақат 1/3 миқдоричаси бажарилади.
Гарчи орадан икки йил ўтган бўлса ҳам, барча меросхўрлар йиғилиб, ўша икки узукнинг қийматини марҳуманинг умумий меросига нисбатан аниқлашлари керак. Агар узуклар 1/3 дан кам бўлса, сизлардаги узукни ва иккинчи узукни топиш ёки унинг қийматини олиб, ўша йувғувчи аёлларга бериш шарт. Валлоҳу аълам.