Ассалому алайкум устоз, мен яқинда васила қилиш ҳақида эшитиб қолдим. Имом Бухорий ривоят қилиб берган экан, Мадинага келиб бир одам қатиқ ёқмаганини гапирганда Пайғамбаримиз Муҳаммад Алайҳиссалом тушларига кириб кет бу ердан деганларида ўша инсон Ҳамза Розияллоҳу анҳунинг қабрларига бориб васила қилган эканлар. Ҳозир биз ҳам гуноҳларимиз кечирилиши ёки шу каби савол жавоблар учун валийуллоҳларни қабрини зиёрат қилиб улар орқали васила қилсак бўладими ва бу қандай бўлади?
Сиз келтирган ривоят, яъни Мадина қатиғини ёқтирмаган кишининг тушида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни кўриб, сўнгра Ҳамза розияллоҳу анҳунинг қабрларига бориб васила қилгани ҳақидаги қисса, мўътабар ҳадис тўпламларида ва ишончли тарихий манбаларимизда учрамайди. Шунга қарамай, "васила" тушунчасининг ўзи шариатимизда мавжуд бўлиб, унинг маъносини ва ҳукмларини тўғри англаш муҳимдир.
Васила бу – Аллоҳнинг исм ва сифатлари, Пайғамбарлар, саҳобалар ва солиҳ бандалар, шунингдек яхши амалларни восита қилиб Аллоҳ таолога дуо қилишдир. Бу иш аҳли сунна вал-жамоа эътиқодига кўра, жоиз амал ҳисобланади. Ҳозирги кунда баъзи инсонлар билимсизлик билан Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам ёки солиҳ инсонларни дуосида васила қилаётганларни кофирга чиқариб, уларга “мушрик” номини тамға қилиб қўймоқдалар. Аҳли сунна уламолари ўз асарларида васила қилишнинг жоиз эканига оят ва ҳадислардан қатор далилларни келтиришган. Жумладан, Аллоҳ таоло Қуръони каримда мўмин инсонларни васила қилишга амр қилиб шундай дейди: يَاأَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا اتَّقُوا اللَّهَ وَابْتَغُوا إِلَيْهِ الْوَسِيلَةَ яъни: “Ей, имон келтирганлар! Аллоҳдан қўрқингиз ва Унга васила (восита) излангиз” (Моида сураси, 35-оят). Ушбу оятда Аллоҳ таоло инсонларга Ўзига васила излашларини буйурмоқда. Тафсир китобларида василани Аллоҳнинг исм ва сифатлари, яхши амаллар, пайғамбарлар ва солиҳ бандалар экани айтилган. Усмон ибн Ҳаниф разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Бир кўзи ожиз киши Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб: “Аллоҳга дуо қилинг, менга шифо берсин”, деди. “Хоҳласанг дуо қиламан. Хоҳласанг сабр қил. Бу сен учун яхшидир”, – дедилар”. “Дуо қилинг”, – деди. Уни яхшилаб таҳорат қилишга ва ушбу дуони ўқишга амр қилдилар: “Аллоҳим! Албатта, мен Муҳаммад – раҳмат Пайғамбари ила Сендан сўрайман ва Сенга йузланаман. Эй Муҳаммад! Албатта, ушбу ҳожатим раво бўлиши учун Роббимга сизни васила қилиб йузландим. Аллоҳим! У Зотнинг мен ҳақимдаги шафоатини қабул қил”. Шундан сўнг унинг кўзи очилган ҳолда қайтиб кетди (Имом Термизий ва Имом Ибн Можа ривоятлари). Ушбу ривоятда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам кўзи ожиз инсонга дуо қилаётганда Пайғамбарни васила қилиб сўрашни ўргатдилар. Шунга биноан, инсонлар дуоларида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламни ўртага қўйиб ҳожатларини сўрашлари мана шу ҳадисга мувофиқ бўлади. Манбаларда саҳобаларнинг ҳам васила қилганлари келтирилади. Бу борада Ҳазрати Умарнинг қурғоқчилик вақтида қилган қуйидаги василалари жуда машҳурдир. Анас разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу қурғоқчилик вақтида Аббос ибн Абдулмутталиб ила Аллоҳдан сув сўраб қуйидагича дуо қилар эди: “Ей Аллоҳим! Биз Сенга Пайғамбаримиз ила васила қилар эдик ва Сен бизни сув билан сероб қилар эдинг. Энди биз Сенга Пайғамбаримиз амакисини васила қиламиз. Бизни сув билан сероб қилгин”. Натижада улар сув билан сероб қилинар эдилар (Имом Бухорий ривоятлари). Аҳли суннанинг тўрт мазҳаб уламолари томонидан васила қилишнинг жоиз эканлиги, унинг турлари ҳамда мумкин бўлмаган тавассул масаласини кенг ёритиб берганлар. Жумладан, бир қатор ҳанафий, моликий, шофиий ва ҳанбалий олимлар бу борада асарлар ёзган. Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, васила қилувчи инсон дуосида ҳақиқий яратувчи, дуоларни ижобат қилувчи Зот фақат Аллоҳ таоло эканига эътиқод қилиши лозим. Шаръан жоиз бўлган васийла “Ей Аллоҳим! Мен Сендан фалон яхши амалим ёки фалон инсоннинг сенинг ҳузурингдаги ҳурмати ила сўрайман” шаклида бўлади. Аксинча, қабрларни зиёрат қилиш чоғида баъзи илмсиз инсонларнинг қабрларга тўғридан-тўғри сажда қилишлари, “Ей фалончи менга фарзанд бер!” ёки “Ей фалончи мени ҳожатимни чиқар!”, – деб сўрашлари шариатимизга мутлақо зид амал ҳисобланади. Шунинг учун ҳам мусулмон киши қабр зиёрати ҳамда улуғларни васила қилишни шариатга мувофиқ амалга оширмоғи лозим бўлади.