OPEN БУДЖЕТ

ID: 9501

18.03.2026

245

Савол:

Open буджет учун овоз йиғаётган одамларга пул эвазига овозимни сотсам бўладими?

Жавоб:

“Ташаббусли бюджет” (Open будгет) – бу фуқароларга ўз ҳудудларидаги муаммоларни ҳал қилиш учун маҳаллий бюджет маблағларининг бир қисмини қандай сарфлашни ҳал қилишда иштирок этиш имконини берувчи давлат лойиҳасидир. Унга кўра, аҳоли ўзлари учун энг зарур деб билган эҳтиёжлар, масалан, муайян йўлларни таъмирлаш, мактабларни жиҳозлаш, сув таъминотини яхшилаш каби таклифларни овозга қўядилар ва энг кўп овоз олган таклифлар давлат томонидан молиялаштирилади.

“Ташаббусли бюджет” лойиҳасида инсонларнинг овоз бериши гувоҳлик беришдир. Киши ўз овози билан: “Мен гувоҳлик бераманки, жамиятимиз учун айнан мана шу таклиф энг муҳим, энг фойдали ва биринчи галда амалга оширилиши керак бўлган ишдир”, деяётган ҳисобланади.

Демак, агар киши ўз овозини жамиятнинг ҳақиқий эҳтиёжи ва умумий манфаатидан келиб чиқиб эмас, балки шахсий моддий манфаат эвазига, аслида у қадар муҳим бўлмаган ёки умуман у ҳақида хабари бўлмаган таклиф учун берса, унинг бу иқрори ҳақиқатга зид бўлгани учун ёлғон гувоҳлик ҳисобланади. Ёлғон гувоҳлик эса динимиздаги энг оғир гуноҳлардан биридир. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда айтади:

فَاجْتَنِبُوا الرِّجْسَ مِنَ الْأَوْثَانِ وَاجْتَنِبُوا قَوْلَ الزُّورِ

“Бас, бутлардан иборат нажосатдан йироқ бўлинг ва ёлғон сўздан йироқ бўлинг” (Ҳаж сураси, 30-оят).

Муфассирлар ушбу оятдаги “ёлғон сўз”нинг энг катта кўриниши айнан “ёлғон гувоҳлик” эканини таъкидлашган. Аллоҳ таоло бу оятда ширкдан сақланишга буюрганидан сўнг дарҳол ёлғон сўздан сақланишга амр қилиши бу гуноҳнинг нақадар улкан эканига далолат қилади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз ҳадисларида ёлғон гувоҳликнинг улкан гуноҳ эканини қайта-қайта таъкидлаганлар.

عَن عَبْدِ الرَحمنِ بن أَبِي بَكْرَةَ عَنْ أَبِيه رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَال رَسولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عليه وسلم: أَلا أُنَبِّئُكُمْ بأَكْبَرِ الكَبائِرِ قُلْنا: بَلَى يا رَسولَ اللَّهِ، قالَ: الإشْراكُ باللَّهِ، وعُقُوقُ الوالِدَيْنِ، وكانَ مُتَّكِئًا فَجَلَسَ فقالَ: ألا وقَوْلُ الزُّورِ، وشَهادَةُ الزُّورِ، ألا وقَوْلُ الزُّورِ، وشَهادَةُ الزُّورِ فَما زالَ يقولُها، حتَّى قُلتُ: لا يَسْكُتُ.

Абдурраҳмон ибн Абу Бакра отаси розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар:

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳой! Сизларга кабираларнинг энг каттасини маълум қилайми?” дедилар. “Ҳа, эй Аллоҳнинг Расули!” дедик. “Аллоҳга ширк келтириш, ота-онага оқ бўлиш”, дедилар. У зот суяниб ўтирган эдилар, ўтириб олдилар-да, “Ҳой, ёлғон сўз ва ёлғон гувоҳлик бериш ҳам!” дедилар. У зот буни айтавердилар, ҳатто “Енди тўхтамасалар керак”, деб қолдим” (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).

“Ташаббусли бюджет”да ўз овозини сотиш – бу ўзининг шахсий манфаатини жамиятнинг катта эҳтиёжидан устун билиш ва бу билан халқнинг умумий ҳаққи поймол бўлишига рози бўлишдир. Исломда адолат – ҳар бир нарсани ўз ўрнига, ҳар бир ҳақни ўз эгасига қўйишдир. Киши ўз овозини пулга алмаштирар экан, у аҳамияти пастроқ лойиҳанинг муҳимроқ эҳтиёж ўрнини эгаллашига сабабчи бўлади. Бу эса адолатни бузиш, яъни зулм қилишдир ва динимиз асосларига бутунлай зиддир.

Хулоса шуки, “Ташаббусли бюджет”да пул эвазига овоз бериш – ёлғон гувоҳлик ҳукмидадир. Бу ишга қўл урган шахс катта гуноҳкор бўлади. Бу гуноҳ эвазига олинган пул ва бошқа маҳсулотлар – ёлғон гувоҳликнинг бадали бўлгани учун ҳаромдир. Ундан фойдаланиш, эб-ичиш жоиз эмас.

Шу ўринда, бирор лойиҳанинг ғолиб чиқишини истаган ташаббускорларга ҳам мурожаат шуки, фуқароларнинг овозини пул ёки бошқа манфаатлар билан сотиб олишга уриниш ўрнига, ўз таклифларининг жамият учун нақадар зарур ва фойдали эканини оммавий ахборот воситалари, ижтимоий тармоқлар ва очиқ мулоқотлар орқали кенг жамоатчиликка тушунтиришлари, бу билан одамларнинг онгли равишда овоз беришига эришишлари шаръан дуруст ва тўғри йўлдир.

Мўмин-мусулмон киши ўзига берилган ҳар бир ҳуқуқни, жумладан, овоз бериш ҳуқуқини ҳам омонат деб билиб, ундан ҳалоллик ва адолат билан фойдаланиши лозим. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази

Мавзулар

Энг кўп ўқилган саволлар