Ёш болалар намозни неча ёшдан ўқиши керак?
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.
Ёш болалар ҳали балоғатга етмаган бўлса, уларга намоз ўқиш фарз бўлмайди. Лекин ота-оналар фарзандларини улар балоғат ёшига етиб келгунча намоз ўқишга ўргатишлари лозим бўлади. Расули акрам алайҳиссалом фарзандларни намозга ўргатиш борасида шундай марҳамат қилганлар:
مُرُوا أَوْلاَدَكُمْ بِالصَّلاَةِ وَهُمْ أَبْنَاءُ سَبْعِ سِنِينَ وَاضْرِبُوهُمْ عَلَيْهَا وَهُمْ أَبْنَاءُ عَشْرِ سِنِينَ وَفَرِّقُوا بَيْنَهُمْ فِى الْمَضَاجِعِ
"Болаларингизни улар етти ёш бўлсалар, намозга буйуринглар. Улар ўн ёш бўлсалар, намоз ўқимаса, уринглар" (Имом Абу Довуд, Имом Байҳақий, Имом Аҳмад ривоят қилишган).
Уламоларимиз ушбу ҳадис шарҳида: “Пайғамбаримиз алайҳиссалом ушбу ҳадисларидан бошқа бирорта ҳадисда ёш болани уришга буйурмаганлар. Фақатгина ўн ёшга кириб, намоз ўқишга эринчоқлик қилган болани уришга буйурганлар. Бундан намознинг бола тарбиясида қанчалик аҳамиятли эканини тушуниш мумкин”, - дейдилар.
Саҳобалардан Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳу: "Болаларга бир сажда қилсалар ҳам намоз ўқитинглар!" деган бўлсалар, саҳобалардан Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳу ва тобеъинлардан Ибн Сирин раҳимаҳуллоҳ: "Бола ўнг қўли билан чап қўлини ажрата олганида, намозга ўргатилади" деганлар. Машҳур саҳоба Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳу эса: "Болаларингизнинг намоз ўқишларини назорат қилинг!" деганлар.
Демак, фарзандлар ақлини танигандан бошлаб, уларни малоллантирмасдан, самимият билан намозга муҳаббатли қилиб, намоз ўқишга одатлантириш керак экан. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази.