Карантин сабабли ҳозир кўпчиликнинг даромади камайди. Шундай пайтларда имконияти камроқ кишилар икки-уч киши бўлиб битта қўй сўйиши мумкинми?
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.
Битта қўй фақат бир кишидан қурбонлик қилинади. Туя ва сигирни етти кишигача қурбонлик қилиши мумкин. Бу ҳақида Аллома Ибн Нужайм Мисрий Ҳанафий раҳимаҳуллоҳ (970 ҳ. вафот этган) шундай дейдилар:
وَقَوْلُهُ " شَاةٌ ، أَوْ سُبُعُ بَدَنَةٍ " بَيَانٌ لِلْقَدْرِ الْوَاجِبِ وَالْقِيَاسُ أَنْ لَا يَجُوزَ إلَّا الْبَدَنَةُ كُلُّهَا إلَّا عَنْ وَاحِدٍ لِأَنَّ الْإِرَاقَةَ قُرْبَةٌ لَا تَتَجَزَّأُ إلَّا أَنَّا تَرَكْنَاهُ بِالْأَثَرِ وَهُوَ مَا رُوِيَ عَنْ جَابِرٍ رَضِيَ اللَّهُ تَعَالَى عَنْهُ قَالَ { نَحَرْنَا مَعَ رَسُولِ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ الْبَقَرَةَ عَنْ سَبْعَةٍ وَالْبَدَنَةَ عَنْ سَبْعَةٍ } وَلَا نَصَّ فِي الشَّاةِ فَبَقِيَ عَلَى أَصْل القياس
яъни: “(Абул Барокат Насафий “Канзуд-дақоиқ” номли китобларида) қурбонликнинг вожиб бўлган миқдори ҳақида: “У – битта қўйдир ёки сигир ё туянинг еттидан бир қисми” – дейдилар. Қиёсга кўра сигир ё туянинг барча қисми фақат бир кишидан дуруст бўлиши керак. Чунки қон чиқариш бўлинмайдиган бир ибодатдир. Лекин биз бу ўринда ҳадис бўлгани сабабли қиёсни тарк қилдик. У ҳадис Жобир разияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган: “Ҳудайбия йилида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам билан туяни етти кишидан, сигирни етти киши номидан қурбонлик қилдик” (Имом Муслим ривоятлари). Қўй ҳақида ҳадис келмагани сабабли у ўз асли (яъни, фақат бир киши номидан сўйилиши)да қолди” (“Баҳрур роиқ” китоби).
Динимизда молиявий ибодатларнинг аксари бой кишиларга буйурилган. Қурбонликка имкони етмаганлар машаққат чекиб ёки йиғилишиб уни адо қилишларига ҳожат йўқ. Чунки уларга қурбонлик қилиш вожиб эмас. Вожиб бўлмагандан кейин гуноҳкорлик ҳам бўлмайди. Лекин бой бўлмасада, савоб умидида қурбонлик қилмоқчи бўлганлар, уларга қурбонлик вожиб бўлмагани учун "суннат қурбонлик", деб ният қилиб адо қиладилар. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази.