БИДЪАТ НИМА

ID: 14268

05.07.2026

28

Савол:

Бир амални бидъат даражсига чиқиши учун қандай шартлар бўлади?

Жавоб:

Бисмиллаҳир роҳманир роҳим. Бидъат сўзи луғатда бир нарсани янгитдан пайдо қилиш маъносини англатади.

Бидъатнинг шаръий истилоҳи, яъни таърифига келадиган бўлсак, уламолар бу масалада бир хил фикрга иттифоқ қилмаганлар. Мазкур таърифларнинг ҳаммасини жамлаб, таҳлил қилган мутахассислар уларни икки асосий йўналишга тақсимлайдилар.

Биринчи йўналишдаги уламоларга имом Шофеъий ва у кишининг мазҳабидаги уламолардан Изз ибн Абдуссалом, Нававий, Абу Шомалар, моликийлардан Қурофий ва Зарқонийлар, ҳанафийлардан Ибн Обидин, ҳанбалийлардан Ибн Жавзий ва зоҳирийлардан Ибн Ҳазмлар кирадилар.

Бу йўналишдаги уламолар ибодатларда бўлсин, одатларда бўлсин, яхши бўлсин, ёмон бўлсин, ҳар қандай бидъатни Қуръон ва Суннатда йўқ ва динда янги пайдо бўлган нарса, деб таърифлайдилар.

Мазкур йўналишдаги таърифларнинг маъносини ўзида тўла акс эттирган таъриф Изз ибн Абдуссаломнинг таърифи бўлиб, унда: «Бидъат – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида бўлмаган нарсадир», дейилган.

Биринчи йўналишдаги бидъат бир неча турларга тақсимланади:

  1. Вожиб бидъат. Наҳв илмини ўрганиш бидъатнинг шу турига киради, чунки бу илмни билмай туриб, Қуръон ва Суннатни билиб бўлмайди. Ушбу икки манбани ўрганиш вожибдир. Вожибни бажаришга хизмат қиладиган нарса ҳам вожиб бўлади. Демак, Қуръон ва Суннатни ўрганиш учун наҳвни ўрганиш вожиб. Бу нарса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида бўлмаган. Наҳв илмини ўрганиш борасида биринчи қадам ҳазрати Али розияллоҳу анҳунинг даврларида қўйилди.

  2. Ҳаром бидъат. Бунга қадария, жабрия, муржиъа ва хавориж мазҳаблари киради. Булар ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида бўлмаган. Уларнинг ҳаммаси кейин чиққан ва Исломга қарши ақийда ва фикрларни ўзларига шиор қилиб олган. Бу мазҳабларга юрганлар диндан чиққан ҳисобланади.

  3. Мандуб бидъат. Мадрасалар ташкил қилиш ва таровиҳ намозига ўхшаш нарсалар. Булар ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вақтларида бўлмаган, кейин йўлга қўйилган ва фойдали бўлгани учун мандуб деб баҳоланган.

  4. Макруҳ бидъат: масжидларни нақши нигор билан безашга ўхшаш нарсалар.

  5. Мубоҳ бидъат. Намоздан кейин қўл бериб кўришиш, шунингдек, еб-ичишда ва кийинишда лаззат ва чиройни ихтиёр қилиш кабилар.

Биринчи йўналиш тарафдорлари бидъатнинг мазкур беш қисмга тақсимланишига далиллар ҳам келтирганлар.

Биринчи далил:

Жарир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар:

«Ким Исломда гўзал одат пайдо қилса ва ундан кейин ўша одатга амал қилинса, унга ўшанга амал қилганларнииг ажрига ўхшаш ажр ёзилиб туради, уларнинг ажридан бирор нарса камайтирилмайди. Ким Исломда бир ёмон одатни пайдо қилса ва ундан кейин ўша одатга амал қилинса, унга ўша амал қилганлар гуноҳига ўхшаш гуноҳ ёзилиб туради, уларнинг гуноҳларидан бирор нарса камайтирилмайди».

Иккинчи далил:

Абдурраҳмон ибн Абдул Қорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу билан Рамазон кечаларининг бирида масжидга чиқдим. Қарасак, одамлар гуруҳ-гуруҳ бўлиб олган, тарқоқ ҳолларида эканлар. Кимдир ўзи намоз ўқимоқда, кимдир намоз ўқиса, бир неча киши унга иқтидо қилмоқда.

Шунда Умар: «Менимча, анавиларни бир қори(нинг орти)га жамласам яхши бўлади», деди. Сўнгра уларни Убай ибн Каъбнинг ортига жамлади. Кейин бошқа бир кечада мен яна у билан чиққанимда одамлар қориларга иқтидо қилиб намоз ўқишар эди.

Шунда Умар: «Бу қандай яхши бидъат бўлибди! Бу вақтда ухлаб ётганларидан кўра, қоим бўлганлари афзал», деди, яъни кечанинг охирида. Одамлар кечанинг аввалида қоим бўлишар эди».

Бухорий ривоят қилган.

Учинчи далил:

Мужоҳид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Урва ибн Зубайр билан бирга масжидга кирдик. Қарасак, Абдуллоҳ ибн Умар Оиша розияллоҳу анҳонинг ҳужраси олдида ўтирган экан. Одамлар эса масжидда (жамоат бўлиб), зуҳо намози ўқишмоқда. Биз Ибн Умардан уларнинг намози ҳақида сўраган эдик, «(Яхши) бидъат», деди».

Муслим, Аҳмад ва бошқалар ривоят қилишган. Кўпчилик мазкур таърифга оид бидъатни майдалаб ўтирмай, иккига тақсимлаб қўя қоладилар ва: «Бидъат икки хил бўлади: бидъати ҳасана – яхши бидъат ва бидъати саййиъа – ёмон бидъат», дейишади.

Иккинчи йўналишдаги уламолар имом Молик, Шотибий, Туртиший, ҳанафийлардан имом Шумунний ва Айний, шофеъийлардан Байҳақий, Ибн Ҳажар Асқалоний ва Ибн Ҳажар Ҳайсамийлар, ҳанбалийлардан Ибн Ражаб ва Ибн Таймиялар бўлиб, уларнинг фикрича, бидъатнинг барчаси – ибодатдагиси ҳам, одатдагиси ҳам залолатдир.

Иккинчи йўналишдаги таърифларнинг энг машҳури ва жамловчиси имом Шотибийнинг таърифидир. У киши бидъатни икки хил таърифлаган:

  1. Бидъат – динда янги ихтиро қилинган йўл бўлиб, у билан шариатга ўхшатиш киритилади. Уни қилиш билан Аллоҳга ибодат қилишда муболаға қасд қилинади.

Бу таърифда диннинг жавҳарига янги ўзгариш киритиш ҳақида, ибодатларда шариат кўрсатган йўлга ўхшаш йўл пайдо қилиш ҳақида сўз бораётгани очиқ-ойдин кўриниб турибди.

  1. Бидъат – динда янги ихтиро қилинган йўл бўлиб, у билан шариатга ўхшатиш киритилади. Уни қилишда шариат йўлига юриш қасд қилинади.

Имом Шотибийнинг иккинчи таърифи биринчисидан кенг бўлиб, унда ибодат ва одатлардаги янги ихтиро қилинган нарсалар бидъат эканлиги таъкидланган.

Имом Шотибий бидъат масаласида энг кўп изланиш олиб борган олимлардан бири ҳисобланади. У киши бидъатга қарши туришда энг ашаддийлардан биридир.

Ҳақли равишда «Нима учун имом Шотибий бидъатни икки хил таъриф қилган?» деган савол пайдо бўлади. Бу саволга уламоларимиз: «Имом Шотибий бунда бошқаларнинг бидъат маъносини кенг ёки тор олганига эътибор берган», деб жавоб берганлар.

Имом Шотибийнинг биринчи – тор маънодаги таърифида бидъат фақат ибодатларда бўлади, деганларнинг фикри, иккинчи – кенг маънодаги таърифида эса бидъат ибодатларда ҳам, одатларда ҳам бўлади, деганларнинг фикри ўз ифодасини топган.

Имом Шотибийнинг ўзи эса бидъат фақат ақийда ва ибодатларга хос бўлади, деган фнкрга мойил бўлган.

Иккинчи йуналишдаги таърифда бизга керак булган асосий маъно «Бидъат – динда янги ихтиро қилинган йўл» деган жумладир.

Демак, мусулмонлар ичида янги пайдо бўлган нарса бидъат бўлиши учун диннинг асосига – жавҳарига оид бўлиши шарт экан. Унга ҳам худди шариатнинг асосий ибодатлари мақоми берилиши керак экан. Қуйидаги ҳадисларда худди шу маъно кўзда тутилган:

  1. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким бизнинг бу ишимизда ундан бўлмаган нарсани янгитдан пайдо қилса, у мардуддир», дедилар».

Бухорий, Муслим ва Абу Довудлар ривоят қилишган.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «ишимиз» деганлари динимиз деганларидир.

  1. Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, энг содиқ Калом Аллоҳнинг Китобидир, энг яхши ҳидоят Муҳаммаднинг ҳидоятидир. Ишларнинг энг ёмони янги пайдо бўлганларидир. Ҳар бир янги чиққан иш бидъатдир. Ҳар бир бидъат залолатдир. Барча залолат дўзаҳдадир», дедилар».

Бухорий, Муслим ва Насоийлар ривоят қилишган.

Бинобарин, мусулмонлар ҳаётида янги пайдо бўлган ва диннинг жавҳарига дахлдор бўлмаган нарсалар бидъат бўлмайди. Ҳар бир янги пайдо бўлган нарса бидъат бўлса, ҳар бир бидъат залолат, барча залолат дўзаҳда бўлса, холимиз не кечар эди? Пайғамбаримиз ҳаётлик даврларида Қуръони Карим китоб шаклига келтирилмаган, мадрасалар қурилмаган, турли илмлар шаклланмаган, китоблар ёзилмаган эди ва ҳоказо. Буларнинг барчаси кейин пайдо бўлди ва барча мусулмонлар, жумладан, бидъат маъносини тор олган уламолар ҳам бу ишларни катта қувонч билан маъқуллайдилар.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази

Мавзулар

Энг кўп ўқилган саволлар