Бир одам белбоғ боғлаган ҳолда намоз ўқиб бўлмайди деб қолди. Шу гап қанчалик тўғри. Белга белбоғ боғлаб намоз ўқиш мумкин эмасми?
Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм.
Намозда белга белбоғ боғлаб намоз ўқиш жоиз. Унинг ҳеч қандай гуноҳи йўқ.
Ҳанафий уламолардан Абул Ихлос Ҳасан Ал-Вафоий Шурунбилолий бу ҳақда шундай дейди:
لا يكره له شد الوسط
“Намозхон белини боғлаб намоз ўқиши макруҳ бўлмайди” (“Нурул изоҳ ва нажотул арвоҳ” китоби, “Намоз ўқиётган кишига макруҳ бўлмаган нарсалар” фасли).
Яна “Фатовои ҳиндия” китобида шундай дейилади:
صَلَّى وَهُوَ مَشْدُودُ الْوَسَطِ لَا يُكْرَهُ ، كَذَا فِي الْمُحِيطِ
“Бели боғланган ҳолда намоз ўқиса, макруҳ бўлмайди. “Муҳийт”да ҳам шундай келган”. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази.