БАДАНДАН ҚОН ЧИҚИШИ ТАҲОРАТНИ БУЗАДИМИ?

ID: 946

04.04.2025

748

Савол:

Қон чиқса таҳоратни синдиради деб билардик. Баъзи кишилар қон чиқса таҳорат синмайди дейишмоқда. Шунга аниқлик киритиб берсангиз?

Жавоб:

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.

Ҳанафий мазҳабимизда оқувчи қон таҳоратни синдиради. Яъни, қон чиқиб баданнинг таҳорат ёки ғуслда йувиш вожиб бўлган қисмига оқса таҳорат бузилади. Лекин жароҳат катта бўлиб чиққан қон ёки йиринг шу жароҳат ичидан ташқарига чиқмаса, таҳорат синмайди. Қон чиқиб оқмасдан ўрнида қотиб қолса таҳорат бузилмайди (“Мухтасарул виқоя” китоби).   Бунга Пайғамбаримиз саллалоҳу алайҳи васалламдан нақл қилган қуйидаги ҳадис далил бўлади:

مَنْ قَلَسَ أَوْ قَاءَ أَوْ رَعَفَ فَلْيَنْصَرِفْ فَلْيَتَوَضَّأْ وَلْيُتِمَّ صَلاَتَهُ.(رواه الامام الدارقطني عن ابْنِ جُرَيْجٍ عَنْ أَبِيهِ رضي الله عنهما)

яъни: “Ким намозда сув ёки таом қайт қилса ёки бурни қонаса, дарҳол намоздан чиқиб таҳорат қилсин ва намозини охирига етказсин" (Имом Дорақутний ривоятлари).      Бу ҳадиси шариф бадандан қон чиқса, таҳорат бузилишига далолат қилади. Бундан ташқари Тамим ад-Дорий разияллоҳу анҳу Расулуллоҳ саллалоҳу алайҳи васалламдан нақл қилган қуйдаги ҳадис ҳам йуқоридаги масалани қўллаб-қувватлайди:

الْوُضُوءُ مِنْ كُلِّ دَمٍ سَائِلٍ  (رواه الامام الدارقطني عَنْ تَمِيمٍ الدَّارِيِّ رضي الله عنهما)

яъни: “Ҳар бир оқувчи қондан таҳорат қилинади ” (Имом Дорақутний ривоятлари).       Бундан ташқари олди ва орқа нажосат йўлидан бошқа жойдан чиққан қон ёки йиринг ҳам таҳоратни бузиши ҳақида катта саҳобалар, жумладан жаннат башорати берилган ва фақиҳ саҳобалар;  Абу Бакр Сиддиқ, Умар ибн Хаттоб, Усмон ибн Аффон, Али ибн Аби Толиб, Зубайр ибн Аввом, Талҳа ибн Убайдуллоҳ, Саъд ибн Абу Ваққос, Абу Убайда ибн ал-Жарроҳ, Абдурроҳман ибн Авф ҳамда Саъид ибн Зайд, Абдуллоҳ ибн Масъуд, Абдуллоҳ ибн Амр, Зайд ибн Собит, Абу Мусо ал-Ашарий ва Абуд Дардо разияллоҳу анҳум фатво беришган ва бу масалада якдил бўлганлар.     "Қон чиқса таҳорат бузилмайди", — деган кишилар Имом Шофеий раҳматуллоҳи алайҳнинг мазҳабидаги гапни айтишган. Ҳар бир мазҳабнинг ўз далили бор. Ҳар мазҳабдан энг енгил ҳукмларни олиш ҳавои-нафсга эргашиш ҳисобланиб, уламоларимиз уни "талфиқ" дейдилар. "Талфиқ"нинг ҳукми эса ҳаромдир. Дарҳақиқат, ҳар ким ўз мазҳабига амал қилиши тўғри йўлдир. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси  Фатво маркази.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази

Мавзулар

Энг кўп ўқилган саволлар