Ассалому алайкум. Аёл киши Қуръони Каримни чиройли қироат билан, яъни оҳанг билан ўқиса бўладими? Гуноҳкор бўлмайдими, яъни Аллоҳга ёқмай қолмайдими? Қироат оҳанг дегани шундайми, чиройли ўқиш, тўғри ўқиш деганими?
Ваалайкум ассалом. Қуръони Каримни тажвид қоидаларига қатъий амал қилган ҳолда, овозни гўзал қилиб ўқиш шариатимизда мақталган амалдир. Бу ўринда «оҳанг» деганда ашулачилар ёки навҳачилар каби сунъий куйга солиш эмас, балки Қуръоннинг араб тили табиатига хос виқорини сақлаш тушунилади. Агар инсон оҳангга берилиб, ҳарфларнинг махражини ўзгартирса ёки мад қоидаларини бузса, бундай қироат жоиз эмас. Шунинг учун киши овозини зийнатлаши мумкин, аммо бунда Қуръоннинг ҳурмати ва тўғри ўқилиши бирламчи мезон бўлиши шарт. Бу борада эркак-аёл баробардир. Фақат шуни унутмаслик керакки, аёл киши номаҳрамлар эшитадиган ўринда овозини ҳаддан ташқари майинлатиб, фитнага сабаб бўладиган оҳангда ўқишдан қатъий сақланиши лозим. Валлоҳу аълам.