АЁЛ КИШИ ҒУСЛДА БОШИНИ ЙУВИШИ ФАРЗ ЭКАНИ ҲАҚИДА

ID: 743

04.04.2025

63

Савол:

Эр-хотин яқинлик қилганда аёл сочларини ўриб, кейин бошига рўмол ўраб олса, сочларини йувмасдан масҳ тортиб қўйса бўладими?

Жавоб:

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.

Жунуб бўлган аёл ғусл пайтида бошига фақат масҳ тортиш билан кифояланиши жоиз эмас. Аёл киши жинсий яқинликдан аввал сочларини маҳкам қилиб ўрган бўлса, жунуб бўлганидан кейин ғусл қилишда сочларининг ҳаммасига сув етказиш шарт бўлмайди. Балки, сочнинг остига яъни, бошга сув етказиш кифоя қилади. Осилиб турган ўрилган қисмини йувиш шарт эмас. 

عَنْ أُمِّ سَلَمَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا قَالَتْ: قُلْتُ: يَا رَسُولَ اللهِ إِنِّي امْرَأَةٌ أَشُدُّ ضَفْرَ رَأْسِي فَأَنْقُضُهُ لِغُسْلِ الْجَنَابَةِ؟ قَالَ: لاَ إِنَّمَا يَكْفِيكِ أَنْ تَحْثِي عَلَى رَأْسِكِ ثَلاَثَ حَثَيَاتٍ ثُمَّ تُفِيضِينَ عَلَيْكِ الْمَاءَ فَتَطْهُرِينَ. (رواه الإمام مسلم و الإمام الترمذي)

Умму Салама разияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: 

“Мен: “Ей Аллоҳнинг Расули, мен сочимни мустаҳкам қилиб ўрайдиган аёлман. Жунублик ғусли учун уни ёйишим керакми?” дедим. У зот: “Йўқ, сен учун бошинг устидан уч ҳовуч сув қуймоғинг кифоя қилур. Сўнгра устингдан сув қуясан. Бас, пок бўлурсан”, дедилар” (Имом Муслим ва Имом Термизий ривоят қилишган). 

Ушбу ҳадисдан жинсий алоқа пайтида сочи ўрилган аёл жунубликдан ғусл қилганда ўрилган сочларини ёймаса ҳам жоизлиги тушунилмоқда. Фақат у сочининг остига яхшилаб сув етказиб, ғусл қилаверади. Ҳар сафар сочни ёйиб, яна ўриш машаққатидан аёлларга енгиллик бериш учун шариатимизда шундай қилишга рухсат берилган. Бошга яхшилаб сув етказиш билан ғуслдан кўзланган мурод ҳосил бўлади. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси 

Фатво маркази.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази

Мавзулар

Энг кўп ўқилган саволлар