АЁЛИМ ДОИМ РАД ЭТАДИ

ID: 4057

09.11.2025

248

Савол:

Аёлимни тўшакка чақирсам доим рад жовобини беради. Шундай пайтда қандай чора корсам болади

Жавоб:

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Аввало бу масалада икки томонни эшитиб хулоса қилиш тўғри бўлади. Аммо аёл кишига насиҳат қилиш, бундай йўл тутиш гуноҳга сабаб бўлишини эслатиш керак. Аллоҳ таоло айтади: «Хотинларингизнинг итоатсизлигидан қўрқсангиз, аввало уларга панд-насиҳат қилинглар, сўнг (яъни, насиҳатларинг кор қилмаса), уларни ётоқларда тарк қилингиз, (улар билан бир жойда ётманг, яқинлашманг) сўнгра (яъни, шунда ҳам сизларга бўйинсунмасалар), уринглар! Аммо сизларга итоат қилсалар, уларга қарши бошқа йўл ахтарманглар. Албатта, Аллоҳ энг йуксак ва буйук бўлган зотдир» (Нисо сураси, 34). Воҳидий раҳимаҳуллоҳ айтганларки: «Бу оятдаги «итоатсизлик»дан мурод – эрга осийлик қилиш, яъни, такаббурлик билан эрининг буйруқларига хилоф иш йуритишдир». Ато раҳматуллоҳи алайҳ : «У (яъни, итоатсизлик) – эри учун ўзига оро бермаслик (хушбўйлик сепмаслик), ўзи билан ҳузурланишига йўл қўймаслик ва илгариги мутеълик ҳолати ўзгариб қолишидир. Ундай хотинларга Аллоҳ Китоби ила «панд-насиҳат қилинглар», Аллоҳ уларга буйурган ишларни эслатинглар» дея тафсир қилганлар. Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай марҳамат қилганлар:

عَنْ أَبي هُريْرةَ رَضِيَ اللَّه عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسولُ اللَّهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: «إِذا دَعَا الرَّجُلُ امْرَأَتَهُ إِلى فِراشِهِ فأَبَتْ، فَباتَ غَضْبانَ علَيْهَا، لَعَنَتْهَا الْمَلائِكَةُ حتى تُصْبِح». مُتَّفَقٌ عَلَيهِ. وفي رواية: حَتَّى «تَرْجِع».

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қачон киши ўз хотинини (жимў ниятида) тўшагига чақирганда, у хотин бош тортса ва эри ундан норози бўлиб ётса, тонг отгунча фаришталар у хотинни лаънатлаб туришади», дедилар (Муттафақун алайҳ). Бир ривоятда "аёл то бу ишидан қайтмагунича" дейилган. Бошқа ривоятда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Уч тоифа одамнинг намози мақбул бўлмайди ва биронта яхшилиги осмонга кўтарилмайди: қочоқ қулнинг, то хўжайинларига қайтиб, қўлини уларнинг қўлларига қўймагунича; эрини ғазаблантирган – норози қилган аёлнинг, то эри ундан рози бўлмагунича ва мастнинг, то ўзига келмагунича» (Ибн Ҳиббон, Ибн Ҳузайма ривояти). Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Аллоҳ таборака ва таоло эрига ношукрлик қиладиган хотинга қарамайди. Ҳолбуки, у эридан беҳожат эмас» (Насоий, Баззор ривояти). Умму Салама розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Қайси аёл вафот этса-йу эри ундан рози бўлса, жаннатга киради» (Ибн Можа, Термизий ривояти). Шу ва шу каби ҳадиси шарифларда бу иш динимизда қаттиқ қораланган. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази

Мавзулар

Энг кўп ўқилган саволлар