АРОҚ ДЎКОНИДА ИШЛАШ

ID: 2485

10.09.2025

64

Савол:

Россияда мусофирчиликдаман. Ароқ сотадиган магазинда ишлаб пул топиб оиламга йуборсам ҳалолми? Жавоб учун олдиндан рахмат

Жавоб:

Йўқ, бу ишдан топилган даромад ҳалол эмас. Ислом шариатида маст қилувчи ичимликлар қатъий ҳаром қилинган ва бу фақат уни ичиш билан чекланмайди. Имом Термизий ривоят қилган ҳадиси шарифда айтиладики, Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам хамрга алоқадор ўн тоифа, жумладан, уни ичувчини, қуйиб берувчини, сотувчини, сотиб олувчини, тайёрловчини ва ташувчини лаънатлаганлар.

Шариатимизда қоида шуки, ҳаром нарсанинг савдоси ҳам ҳаромдир. Сизнинг ароқ сотиладиган дўконда ишлашингиз, гарчи ўзингиз истеъмол қилмасангиз-да, бевосита мана шу гуноҳнинг ёйилишига ва амалга ошишига ёрдам бериш ҳисобланади. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда: "Яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилинг. Гуноҳ ва душманлик йўлида ҳамкорлик қилманг." (Моида сураси, 2-оят) деб марҳамат қилган.

Тўғри, мусофирчиликда иш топиш қийин бўлиши мумкин, лекин мусулмон киши ризқни Аллоҳдан деб билиб, Унга таваккул қилиши ва тақво асосида ҳалол касб излашда бардавом бўлиши лозим. Аллоҳ таоло тақво қилган бандасига кутмаган жойидан ризқ беришни ваъда қилган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази

Мавзулар

Энг кўп ўқилган саволлар