Азонни айтиб бўлгач, азон дуосини ўқиб, сўнг фарз намозлари олдидан айтиладиган иқоматни айтиб намозни (аср, шом, хуфтон намозларини) бошлайверсам бўладими? Ёки азон билан иқомат ўртасида нечадир дақиқа кутиладими? Агар кутилмаса гуноҳ ҳисобланадими?
Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм.
Шом намозидан бошқа ҳар бир намозда азон ва иқомат ўртасида бир инсоннинг еб-ичиши ёки ҳожатга чиқиб, таҳорат олиб, икки ракаат намоз ўқишига етарли миқдорда вақт қолдириш мустаҳабдир. Жобир ибн Абдуллоҳ разияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам Билолга айтдилар:
واجعل بين أذانك وإقامتك قدر ما يفرغ الآكل من أكله، والشارب من شربه، والمعتصر إذا دخل لقضاء حاجته
яъни: "Азонинг билан иқоматинг ўртасида еб-ичувчи таом ва ичимлигидан, ҳожатга чиққан одам ҳожатидан фориғ бўладиган миқдорда вақт қолдир» (Имом Термизий ривояти).
Бунда жамоатга кўпроқ одам тўпланиши мақсад қилинган. Азондан кейин дарҳол такбир айтиш макруҳ эканига уламоларимиз иттифоқ қилишган. Ибн Баттол раҳимаҳуллоҳ айтадилар: "Азон ва иқомат ўртасида кутиш лозим бўлган муддатнинг намоз вақти аниқ кириши ва намозхонларнинг (масжидга) йиғилишларига имкон яратишдан бошқа бирон аниқ миқдори йўқ".
Аммо уйда ёлғиз намоз ўқилганда азондан кейин иқомат айтиб намоз ўқиш мумкин. Чунки бу ҳолатда жамоат кутилмайди. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази.