АЗОНГА ЖАВОБ ҚАЙТАРИШ

ID: 904

04.04.2025

23

Савол:

Азон эшитаётган пайтда нималар дейиш керак?

Жавоб:

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм.

Азон айтилаётганда унга жавобан азон калималарини такрорлаш мустаҳабдир. Фақат “ҳайя алассолат”ни эшитганда “Ла ҳавла ва ла қуввата илла биллаҳ”ни айтилади. Ва бомдод намозининг азонида эса “Ассолату хойрун минан-навм”ни эшитганда “садақта ва барарта” деб айтилади (“Раддул Муҳтор” китоби).

Бунга қуйидаги саҳиҳ ривоятлар далил бўлади:

عَنْ أَبِي سَعِيدٍ الْخُدْرِيِّ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: إِذَا سَمِعْتُمْ النِّدَاءَ فَقُولُوا مِثْلَ مَا يَقُولُ الْمُؤَذِّنُ

Абу Саид Ал-Худрий розияллоҳу анҳунинг ҳадиси: “Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Қачон азонни эшитсангиз, муаззин айтганларини (унинг ортидан қайтариб) айтинглар”, — дедилар” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоят қилишган).

أَنَّ مُعَاوِيَةَ بْنَ أَبِي سُفْيَانَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا لَمَّا سَمِعَ حَيَّ عَلَى الصَّلَاةِ قَالَ: لَا حَوْلَ وَلَا قُوَّةَ إِلَّا بِاللهِ، وَقَالَ: هَكَذَا سَمِعْنَا نَبِيَّكُمْ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ

Муовия ибн Абу Суфён разияллоҳу анҳумо қачон азондаги “Ҳайя ъалас-сола” калимасини эшитсалар, “Ла ҳавла ва ла қуввата илла биллаҳ”, деб айтар ва “Пайғамбарингиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деяётганларини эшитганмиз”, — дер эдилар (Имом Бухорийривоятлари).

وَلِمُسْلِمٍ وَأَبِي دَاوُدَ: مَنْ قَالَ مِثْلَ مَا يَقُولُ الْمُؤَذِّنُ إِلَّا فِي الْحَيْعَلَتَيْنِ فَقَالَ لَا حَوْلَ وَلَا قُوَّةَ مِنْ قَلْبِهِ دَخَلَ الْجَنَّةَ 

Имом Муслим ва Имом Абу Довуднинг ривоятида: "Ким чин қалбдан муаззин айтган нарсани айтиб турса-йу, магар "Ҳайя ъала" жумлаларида "Ла ҳавла ва ла қуввата" деса, жаннатга киради", дейилган.

Баъзи ривоятларда бошқача иборалар ҳам айтилган, қайси бирини айтилса ҳам жоиз бўлади. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси 

Фатво маркази.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази

Мавзулар

Энг кўп ўқилган саволлар