Намоздаги олди саф билан,оркадаги саф савоби фарки борми?
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Маълумки, жамоат билан ўқилган намоз, ёлғиз ўқилган намоздан 27 даража фазилатлироқдир. Жамоат намозини биринчи сафда ўқишнинг ажри эса янада кўпроқдир. Абу Ҳурайра розияллоҳу анхудан ривият қилинади: “Набий соллалоҳу алайҳи васаллам: “Аввалги сафда қандай фазилат борилигини билганингизда ёки билганларида эди, албатта (биринчи саф учун)қуръа ташлаш бўлар эди”, дедилар”. Имом Муслим ривояти. Баро розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ ва унинг фаришталари биринчи сафга саловат айтадилар”, дедилар”. Имом Ахмад ривояти. Ирбоз ибн Сория розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам: “Аввалги сафда намоз ўқувчига уч марта, иккинчи сафда намоз ўқувчига бир марта истиғфор айтар эдилар”. Ибн Можа ривояти. Шу боис киши ҳар доим биринчи сафда намоз ўқиш пайида бўлиши лозим. Ҳар сафар ҳам бунинг иложи бўлмаса, доимо биринчи саф фазилатини қўлга киритишни ният қилиш даркор. Шуни унутмаслик керакки, биринчи қаторга зўрлик билан ёриб кириш жоиз эмас. Чуни бунда бошқаларга азият этиб қолиши мумкин. Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам: “Ким бошқаларга азият беришдан қўрқиб, биринчи сафни тарк қилса, Аллоҳ таоло унинг учун аввалги саф ажрини икки баробар қилиб беради” дедилар. Табароний ривояти.